___ Чимбой туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг фуқаролар учун сайёр қабули бўлиб ўтди.
___ Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Мухаммадиев иштирок қилди.
___ Тадбир давомида сайёр қабулда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган Чимбой тумани билан бирга Тахтакўпир, Қораўзак, Бўзатов, Кегейли ва Нукус туманларида яшовчи фуқаролар ҳам республика раҳбари ҳамда тегишли вазирлик-идоролар масъулларига ўзларининг мурожаатлари билан юзланди.

___ Қабул давомида 456 та мурожаат қабул қилинган бўлса, шундан 242 та муаммо жойида ижобий ҳал қилинди. Вақт талаб қилинадиган мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг шахсий назоратига олиниб, тез вақтда ижобий ҳал қилиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
* * *
___ Қабул доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Адилбек Реимбаевнинг ҳам фуқаролар билан сайёр қабули ўтказилди. Тадбир давомида сув хўжалиги соҳаси билан боғлиқ жами 13 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатлар асосан томорқа майдонларига сув етказиш ва ички каналларни тозалаш масаласида бўлди.

___ Жумладан, Чимбой туманидан Гулжан Алламуратова ўзи истиқомат қиладиган ҳудуддаги томорқа майдонига сув етказиш, Жақсимурат Бердимуратов ва Давлетбай Камаловлар “Таза жол” ОФЙ ҳудудидаги, Алишер Мамбетмуратов “Пешентав” ОФЙ ҳудудидаги томорқаларга сув етказиш, Оринбай Елманов ички канални қазиб-тозалаш, “Гулистон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички коллектор тармоғига труба қўйиш ва йўлни таъмирлашга техника ва уларни ишлатиш учун ёнилғи масаласида амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди.
___ Мурожаатларнинг аксариятини жойида ҳал қилиш бўйича вазирлик раҳбарияти томонидан тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу куннинг ўзида бин неча ҳудудга экскаватор олиб борилиб, ички каналларни тозалаш ишлари бошлаб юборилди.
___ -Сайёр қабулда қилган мурожаатимиз ижобий ҳал бўлмоқда, – дейди чимбойлик Жалғасбай Асқаров. –Сув хўжалиги вазирига ички канални қазишга техника ажратиш ва канални қазиб, ҳудудимизга сув етказишда амалий ёрдам беришини сўраган эдим. Мана зудлик билан экскаватор ажратилиб, қазиш ишлари бошланди. Аввало, мана шундай раҳбарлар халқнинг мулоқот қилиш, мурожаатларини тинглаш тизимини яратиб қўйгани ҳурматли Президентимизга ва жойларда бу каби сайёр қабуллар ташкил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилаётган Республика раҳбариятига, қолаверса Сув хўжалиги вазирлигига овулимиз аҳли номидан миннатдорлик билдираман.

___ Мазкур мурожаат бўйича “Қуйин жап” ички каналида қазиш ишлари олиб борилгач, Чимбой тумани марказидаги “Шохтемир”, “Темиржол”, “Қаракўл” маҳаллалари ҳудудида жойлашган 660 га яқин хонадонларнинг томорқа майдонларига сув етказиш яхшиланади.
___ Сайёр қабул давомида Чимбой туманидан ташқари Тахтакўпир, Қораўзак, Кегейли туманларидан ҳам мурожаатлар бўлиб, уларни ҳал этиш бўйича сув хўжалиги масъулларига топшириқлар берилди.
___ Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби