БЕРУНИЙДА КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

___ Далаларда ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари ниҳоясига етмоқда. Келгуси йилга тараддуд кўрилаётган айни кунларда сув хўжалиги ходимлари жойларда кўргазмали семинарлар ташкил қилиб, сув тежовчи технологияларни қўллашнинг афзалликлари ва ҳосилдорликни оширишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида  деҳқон фермерларга тавсияларини беришмоқда.

___ Беруний туманида ўтказилган кўргазмали амалий семинарда Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходимлари, туман ирригация бўлими ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок қилди.

___ Тадбирда фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари ўзларининг ҳудудидаги ариқ ва зовурларини куз-қиш фаслида тозалаб мавсумга пухта тайёрлаши, сув олиш қулоқлари, насос агрегатларини таъмирлаб шўр ювиш ва вегетация даврига шай ҳолатга келтириб қўйишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди.

___ Шунингдек, пахта, ғалла ва бошқа экинларга сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар берилди. Бу борада тумандаги фермерлар ўзларининг тажрибалари ва жорий йилда эришган натижаларини гапириб беришди.

___ -Ўтказилаётган семинарларда сув тежовчи технологияларни далаларга ўрнатиш бўйича амалий кўргазмалар ҳам ташкил этилмоқда, – дейди Беруний тумани ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешанов. – Мана бугунги тадбирда ғалла майдонларини суғоришда ишлатиладиган эгилувчан қувурларни ўрнатиб, суғориш бўйича бажариладиган ишларни мутахассислар бевосита далада кўрсатиб беришди. Туманимизда 2023 йил ҳосили учун экилган 660 гектар ғалла майдонларини суғоришда эгилувчан қувурлардан фойдаланиш белгиланган. Ҳозирги кунда 7 та эгилувчан қувурлар комплекти олиб келиниб, фермерларга тарқатилди. Шунингдек, ёмғирлатиб суғориш ва пахта майдонларини томчилатиб суғориш ҳамда бошқа сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида режалар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

___ Биламизки, экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш ҳудуд шароитида энг самарали сув тежовчи технология ҳисобланади. Шу боис айни кузги шудгорлаш ишларини олиб бораётган фермерларга экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш бўйича тавсиялар бериб, бу борада ҳукумат томонидан алоҳида субсидия ажратилганлиги тушунтирилмоқда. Эътиборлиси, ўтказилаётган бу каби семинарларда фермерлар шу каби сув тежовчи технологияларни жорий этиш таклифини билдиришмоқда. Экин майдонларининг текислиги сувни тежаш билан бирга ҳосилдорликни ҳам бир неча центнерга оширишини тушуниб етган фермерлар эса, аллақачон лазерли ускуна ёрдамида далаларини текислашга киришган.

___ Семинар иштирокчиларига ерларнинг шўрланиш ҳолатини яхшилаш, мелиоратив тармоқларида тозалаш тадбирларини амалга ошириладиган воситалар ҳақида маълумотлар берилди. Бу борада янги технология, яъни махсус кесувчи қурилма билан жиҳозланган инновацион экскаваторнинг ишлаши намойиш этилди.

___ Тадбир иштирокчилари семинар доирасида туманда лазер ускунаси ёрдамида текисланаётган майдонлар, ҳамда ички ариқларни тозалаш, гидротехник иншоотларни таъмирлаш         ва “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари билан ҳам ҳудудларда бўлиб яқиндан танишдилар.

Ғ. Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби