БЕРУНИЙ ТУМАНИДА ФЕРМЕРЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаровнинг сайёр қабули доирасида очиқ мулоқот ўтказди.


Сайёр қабулда тумандаги фермер хўжалиги раҳбарлари, фуқаролар ва бошқа сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги экинларига шўр ювиш ва вегетация даврида сув етказиш масаласидаги мурожаатлари тингланди.

Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров сув хўжалиги соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва стратегияси доирасида бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этишда амалиётда юзага келаётган камчиликларни бартараф қилишга қаратилган тартиб-тамойиллар кейинги қабул қилинаётган қарор ва дастурларда ўзининг аксини топаётганини ва бу каби сайёр қабулларда билдирилган таклифлар ҳам келгусида ишларни такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб, сайёр қабулни очиқ мулоқот шаклида ўтказишни таклиф қилди.

Сайёр қабул давомида каналларнинг сув ўтказиш қобилиятини ошириш, шўр ювиш мавсумини эртароқ бошлаш бўйича мурожаатлар тушди. жумладан, “Гулноза Нихол” фермер хўжалиги рахбари Рашид Аминов каналларнинг сув ўтказиш қобилияти камайтирилишининг асл сабаби нимада эканини сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини яхшилаш лойиҳаси бўйича руконструкция ишлари амалга оширилиши сабабли лойиҳада кўрсатилган параметр бўйича амалга оширилаётганини тушунтириб ўтди.

Шунингдек, Олтинсой ОФЙ худудидаги “Эгам Ғабит ” Фермер хўжалиги раҳбари Жеткер Матқурбонов ҳудуддан оқиб ўтган коллектор сувидан суғориш тартиби,  Абай ОФЙ худудидан “Ниятилло Азизбек” фермер хўжалиги раҳбари Рахматулло Каримов каналнинг сув таъминотини яхшилаш ҳамда ушбу ҳудудда жойлашган насос агрегатининг атрофини панжара билан тўсишда, “Махсуд Қудрат” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Юлдашев экин ер майдонларини сув билан таъминотини яхшилашда амалий ёрдам, “Жавохир Омон” Фермер хўжалиги рахбари Каримов Қодирберган томонидан МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган коллектор тармоқларини тозалашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар.


Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Улуғбек Примов, туман ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешановларга истеъмолчилардан тушган мурожаатларни бир ҳафта муддатда ижобий ҳал қилиш, суғориш даврида канал охиридаги фермерларга навбатлаб сув беришни қатъий назоратга олиш, насос агрегатларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилди.

Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби