КОЛЛЕКТОРЛАРДА БАЛИҚ ЕТИШТИРИШ

дастлабки натижалар таҳлили ва тавсиялар

___ ___ ___Балиқчилик – етти хазинанинг бирига қиёсланади. Доно халқимиз азалдан балиқни ҳалол ва пок луқма сифатида эътироф қилади. Бундан қарийб ярим асрча олдин Қорақалпоғистонда, хусусан Орол денгизида етиштирилган балиқлар ва балиқ саноати бутун дунёга машҳур бўлганини яхши биламиз.

___ Денгиз қуригач, балиқлар олдингидек, таббий ҳолда кўпайиши кескин камайди. Бугунги кунда ҳудуддаги мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда интенсив усулларда балиқ етиштириш орқали аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қоноатлантириш зарур бўлмоқда.

___ Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарорда балиқчилик хўжаликлари коллектор-дренаж тармоқларидаги сувлардан фойдаланган ҳолда балиқ боқишни ташкил қилиш ҳамда бу борада коллектор-дренаж сувларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги кўрсатиб ўтилган.

___ -Президентимизнинг  ушбу қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йил ҳудудлардаги балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларининг рўйхати шакллантирилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мелиоратив экспедиция бошлиғи И.Жанабаев. – Ўтган йилнинг февраль ойида балиқ боқиш мумкин бўлган коллекторлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтига эълон бердик. Шунингдек, ҳудудларда коллекторларда балиқ боқишни ташкил қилиш бўйича тарғибот-тушунтириш  ишларини олиб бордик. Дастлабки йил жами 387 километр балиқ боқиш мумкин бўлган коллектор оралиқлари элон қилинган бўлса, шундан 41 километр қисми талабкорларга шартнома асосида берилди.

___

 

 

 

 

 

 

Биз, яқинда коллекторларни шартнома асосида олиб, балиқ етиштирганлар билан суҳбатлашиб, натижаларни таҳлил қилиб кўрдик. Масалан, Тўрткўл тумани “Шўрахон” ОФЙ ҳудудида Рашид Ғайпов “К-2” коллекторидан 800 метр оралиғини шартнома асосида олиб, эрта баҳорда балиқ чавоқларини ташлаган эди. Айтишича, баҳорда 10 минг дона 150 грамлик балиқ чавоқлари харид қилиб, коллекторда боқишни бошлаган ва октябрь ойи охирида балиқлар 1,8 килограмдан 2,5 килогача вазн босган. Баҳордаги 10 минг чавоқ кузгача ўртача 2 килограмдан ҳисобласак 20 минг килограм балиқ бўлади ва уни 20 мингдан ҳисоблаганда ҳам 400 миллион сўм бўлаяпти. Ушбу талабкор ҳудудга яқин жойдан хўррандаларга балиқ пишириб бериш хизматини ҳам йўлга қўйгани даромадини янада оширишга хизмат қилгани рост.

     Демак, чавоқлар хариди ва уларга кетган озуқалар, хизматларга умумий сумманинг ярмини чегириб ташлаганда ҳам тахминан 200 миллион сўм даромад кўриш имкони борлиги аён бўлмоқда. Шундай экан, бу каби тадбиркорларни биз билан ҳамкорликда ишлашга таклиф қиламиз ва ҳозирда шакллантирилаётган коллекторлар рўйхатидан ўзларига маъқул ўринларни шартнома асосида олишларини тавсия қиламиз. 

___ Юқоридаги таҳлилимиздан келиб чиқиб, коллекторларда балиқ боқишни янада кенгайтириш, мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, халқимизга арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари етказиш борасидаги ишларимизни янада жонлантириш ҳаракатидамиз. 

___ Айни кунларда ўтган йил шартнома тузган талабкорлар билан қайта суҳбатлар ўтказиб жорий йилга шартномалар тузиш ишлари бошланди. Талабкорларнинг таклифларини ўрганганимизда айрим ҳудудларда шартнома асосида олинган коллекторларда ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари кузатилгани маълум бўлди. Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида жорий йилги шартномани тузишда Экология ва атроф-муҳитни муҳафоза қилиш қўмитаси   билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.

___ Коллекторларни балиқ боқиш учун талабкорларга бир йилга бериладиган шартнома шартларига балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларидаги сувлардан коллектор-дренаж тармоқларининг лойиҳавий параметрларига риоя қилган ҳолда фойдаланишни ҳам киритиш зарур албатта. Негаки, талабкор балиқ боқиш учун ўрнатган тўсиқ ёки бошқа қурилмалари коллекторнинг асосий фукциясини бажаришга ҳалақит қилмаслиги лозим.

___ Ҳа, балиқчилик бежиз етти хазинанинг бирига қиёсланмаган. Биз, коллекторнинг 800 метр қисмини шартнома асосида олиб, миллионлаб даромад топган биргина тадбиркорни мисол келтирдик. Энди республикамиз ҳудудларида минглаб километр канал ва коллекторлардаги сувлардан шу тариқа фойдаланилса, халқимизга қанча ризқ-барака ва сувчилар жамоасига даромад келишини бир тасаввур қилиб кўрайлик. Албатта, бу осон иш эмас ва бирданига бўлмайди. Лекин, сув хўжалиги тизимида оз-оздан ва ҳозирдан шу каби тадбирларни бошлаш керак назаримизда.  Бу ишлар ўз навбатида сув хўжалиги ташкилотларининг ривожлантириш жамғармасига қўшимча маблағ тушишини ва ишчи-ходимларни ойликдан ташқари рағбатлантириб бориш имконини яратади.

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби