ДУНЁДА МУҚОБИЛИ ЙЎҚ РЕСУРС НИМА?

Муқобили йўқ ресурс бу – сувдир. Шу боис ҳам сувни ҳаёт манбаига қиёсласа керак. Шундай экан, йилдан-йилга сув тақчиллиги ошиб бораётган минтақамизда сувни тежаш, бу борада тежамкор технологияларни жорий қилиш барча сув истеъмолчиларининг асосий вазифасига айланиши зарур.

___ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш  тўғрисисда”ги (ПФ-6024-сон) фармони билан тасдиқланган “Йўл харита”да суғоришда сувни тежайдиган технологияларини қўллаш кўламини кенгайтириш юзасидан бир қатор  вазифалар белгиланган. 

___ Нукус шаҳрида  мазкур “Йўл харита”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари, сув хўжалиги ходимлари учун сайёр ўқув  курслари ҳамда кўргазмали семинар ташкил қилинди.

___ Ўқув меминарида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Д.Кдирбаев, Сув муаммолари илмий тадқиқот институтининг Бухоро филиали директори Ш.Шодиев, “ТИҚХММИ” миллий тадқиқот университети бухоро филиали доценти М.Саримсоқов, “Агробанк” АТБ бўлим бошлиғи Б.Рахманов, Ахборот таҳлил ва ресурс маркази бош мутахассиси Ш.Имомалиевлар сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг афзалликлари, уларни ўрнатувчи пудрат корхоналари ҳамда “Томчи- реестр” ЯЭТ ва “Агросубсидия” ягона ахборот тизимидан фойдаланиш тартиблари бўйича кенг турда маълумот бердилар.

___ Олимлар ва масъул ходимларнинг тақдимотларидан сўнг ўқув-семинар очиқ-мулоқот тарзида давом қилди. Унда сув  тежовчи технологияларни жорий қилган кластер ва фермер хўжаликлари, ҳудудлардаги сувчилар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ўрнатиш, ҳосилдорликни ошириш билан боғлиқ тадбирлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.

___ Мулоқот давомида берилган саволлар юзасидан  Сув муаммолари илмий тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Қурбанбаев сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон шароитида сув тежовчи технологияларни жорий қилишда аҳамият қаратиш муҳим бўлган факторларни, хусусан тежамкор технологияни ўрнатишдан суғоришгача бўлган босқичлар бўйича илмий тавсияларини бериб ўтди.

___ -Минтақамизда сув танқислиги тобора кучайиб бораётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Д.Кдирбаев. – Албатта, сувдан самарали фойдаланиш ва тежаш масаласи бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Сўнги йиллларда сув хўжалиги соҳасига, хусусан сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалаларига оид бир неча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида Оролбўйида сув тежовчи технологияларни жорий қилган сув истеъмолчиларга қўшимча имтиёзлар берилди, яъни давлат томонидан ажратиладиган субсидия миқдорлари ўтган йилдан бошлаб оширилди. Бугунги ўтказилган ўқув семинарда кластер ва фермер хўжаликларига бу борадаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қилдик.

___ Сув тежовчи технологиялар бўйича майёр ўқув ва кўргазмали семинар Беруний туманида ҳам ўтказилди. Унда Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларидаги кластер ва фермерларга мавзу юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

___ Барчамизга аён, жорий қишнинг кескин совуқ кунларида энергия ресурслари тақчиллиги кузатилди. Бундай ҳолатларда хонадонларни иситишда ҳам ёки, автомобиллар ёнилғисида ҳам бир неча муқобил энергия ресурслардан фойдаланиш мумкинлигини кузатдик. Демоқчимизки, бу ресурсларнинг муқобили бор ва зарур ҳолларда қўлланиш мумкин.Лекин, сувнинг ўрнига ишлатиладиган муқобили ҳозиргача йўқ. Демак, сув – ҳаёт манбаини тежаш барчасидан ҳам муҳимроқдир.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби