
Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида шўр ювиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шўр ювиш тадбирлари учун туманларнинг сувга бўлган талаблари асосида Амударё дарёсига жорий йилнинг 20 февраль кунидан бошлаб секундига 1100 метр куб сув сарфи ўрнатилди. Бугунги кунда республикамиз бўйича жами манбадан секундига 700 метр куб сув сарфи олиниб барча туманларга етказиб берилмоқда.
Сув хўжалигининг барча тизим ташкилотлари диққатига!
___ Сув тошқини билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида йирик гидротехника иншоотлари, гидроузеллар, каналларнинг бош иншоотларида, насос стансияларида ҳамда хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларида кечаю-кундуз навбатчилик ташкил қилиш, йирик сув хўжалиги объектларидаги мавжуд захира электр манбаларини ишчи ҳолатга келтириш ва уларни етарли ёнилғи билан таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатларда тезкор чоралар кўриш бўйича барча зарур техникаларни шай ҳолатга келтириш, шунингдек, ишчи кучи ва қурилиш материаллари захираси яратиш, каналлар қирғоқларининг емирилиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш омиллари, хавф туғилганда зудлик билан зарур чораларни кўришлари ва бу ҳақда раҳбариятга ва вазирликнинг диспетчерлик хизматига маълумот беришлари сўралади.
Овул фуқаролар йиғинлари раислари ва барча сув истеъмолчилари диққатига!
___ Кейинги йилларда туманлардаги суғориш тармоқларида ҳозиргидек сув сатҳи кўтарилмагани туфайли, тупроқ ичида юзага келган бўшлиқ йўллар орқали сув сизиб чиқиш натижасида канал дамбалари емирилиб, сув тошқинлари юзага келмоқда.
___ Ҳудудларда шўр ювиш ва суғориш ишларини мақбул муддатларда якунлаш ва мавжуд сувлардан самарали фойдаланиш мақсадида каналларнинг сув ўтказиш қобилиятини ҳисобга олган сув миыдорлари етказилмоқда. Кейинги ҳолатларни ўрганганимизда айрим каналларда 12-15 километр қисмини ўртача битта сувчи назорат қилаётгани маълум бўлди. Мана шу омил ва сув назоратчилари сонининг чекланганлиги сувни бошқаришда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
___ Юқоридагиларни инобатга олиб, овул фуқаролар йиғини раислари, кластер-фермер хўжалиги раҳбарлари, томорқа эгалари, шунингдек, туман ҳокимлиги кенг жамоатчилик вакилларини ҳам ушбу тадбирга жалб қилган ҳолда сувларни хавфсиз ўтказиш ва шўр ювиш ҳамда суғориш ишларини уюшқоқлик билан ўтказишда ҳудуддаги сувчиларга кўмакдош бўлиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда фаол иштирок қилишларини сўраймиз.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати