ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДАГИ СУВЧИ АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи Қ.Муратов ва бошқа  масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т. Мадиреймов сўз олиб, тадбирда жам бўлган аёллар тимсолида бутун сув хўжалигида фаолият кўрсатиб келаётган хотин-қизларни баҳор, янгиланиш ва гўзаллик байрами билан табрикладилар.

Тадбирда ҳаёт учун улуғ неъмат саналган сувни ҳудудларга етказишда йигитлар билан бир сафда туриб, сув хўжалиги соҳасида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сектор раҳбари Саадат Худайбергенова,  Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Гулхатша Каллиева,  “Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизими  бошқармаси муҳандис гидротехниги Лиза  Аймуратоваларга Вазирлик томонидан “Ташаккурнома” берилди ва байрам муносабати билан вазирлик аппаратида ишловчи аёллларга эҳтиром кўрсатилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотларида 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар ишлаётгани, улар ўз олдига қўйилган вазифани тартиб билан адо этиши ва аёл ходималар барча тизим жамоаларда алоҳида қадрланиши таъкидланди. Айниқса, вазирлик зиммасидаги вазифаларни бажаришда сув хўжалиги тизимида ишлайдиган аёлларнинг хизматлари беқиёслиги эътироф этилди.

 

Тадбирда вазирлик аппаратида ишловчи аёлларга гуллар совға қилиниб, пул мукофотлари берилди. Шунингдек, байрам дастурхонига таклиф этилди. Бу каби тадбирлар ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотларида ҳам ташкил қилинмоқда. 

Фурсатдан фойдаланиб, жамики онахонлар, опа-сингилларимизни, сув хўжалиги тизимида фидокорона меҳнат қилаётган барча аёлларни  8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги номидан табриклаймиз!

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати