КАНАЛНИНГ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛИШИ ХАЛҚИМИЗ УЧУН  ТАРИХИЙ КУН – БАЙРАМГА АЙЛАНДИ

Шу йилнинг 7 март куни “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида реконструкция қилинган “Бўстон” канали шарқий қисмининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Жаҳон банки миссияси,  Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, Хитойнинг қурилиш компанияси вакиллари, Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл туманлари ҳокимлари, ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок қилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб, ушбу кун халқимиз учун тарихий кун, дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ҳурматли Президентимизнинг бу йўналишдаги ишларни давом қилдириш борасидаги ташаббусини Қорақалпоғистон аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бири эканлигини билдириб, халқимиз номидан миннатдорлик билдиришини ва бу ишга бош-қош бўлган Сув хўжалиги вазирлиги, барча қурувчиларга миннатдорлик билдирди.

 

 Каналнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сўзга чиқиб,  Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларида сув таъминотни яхшилашга қаратилган ва бир неча йиллардан буён амалга оширилаётган канални бетонлаш лойиҳаси ва унинг якунига етказилиши билан эришиладиган натижалар ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот берди.

Таъкидланишича, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасининг умумий қиймати 374,2 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан 214,9 млн доллари Жаҳон банкининг кредити, 159,3 млн. доллари Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 70 км бўлган “Бўстон” каналининг 35,2 км бўлган ғарбий қисми бетонлаштирилди ҳамда каналдаги гидротехник иншоотлар ва автомобилларнинг ўтиш кўприклари қурилди.

Қиймати 44,94 млн. доллар бўлган бу ишлар Хитойнинг «China Railway 20th Bureau Group Co., Ltd.» компанияси томонидан олиб борилди.

Лойиҳа 2023 йилда тўлиқ якунига етгач, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида 33 минг 200 гектар, Беруний туманида 34 минг гектар, Тўрткўл туманида 32 минг

800 гектар, жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларида сув таъминоти яхшиланади, 833 км каналлар ва 2000 та гидротехник иншоотлар реконструкция қилинади, Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги 23 та насос станциялари ҳамда фермер хўжаликлари ҳисобидаги 400 тадан ортиқ насос агрегатлари фаолияти тўхтатилади.

Натижада, йилига 6,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги электр энергияси ва фойдаланиш харажатлари иқтисод қилинади.

Тантанали тадбирда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий директори жаноб Саме Ваҳба, қурилиш ташкилоти вакиллари, меҳнат фахрийлари сўзга чиқди. 

Миллий анъаналарга кўра, Жаҳон банки ҳамда хорижий қурилиш компанияси вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирига қорақалпоқ миллий чопони ва қалпоқлари совға қилиниб, тантанали равишда кийдирилди. 

 

Шундан сўнг, Хитойнинг  қурилиш компанияси вакиллари томонидан “Бўстон” каналининг рамзий калити Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Адилбек Реимбаевга тантанали  равишда топширилди.  Оқсоқоллар, масъул раҳбарлар иштирокида  тасмалар кесилиб,   “Бўстон” каналининг шарқий қисми расман очилди. 

-“Бўстон” канали дастлаб, 1974-75 йилларда Элликқалъа ҳудудини сув билан таъминлашга мўлжалланган, секундига 45 метр куб сиғимидаги  кичикроқ канал лойиҳаси эди,  – дейди меҳнат фахрийси Аминбай Таджиев. -Лекин ўша вақтлар бу лойиҳа қўллаб-қувватланмасдан канал қурилиши бошланмай қолган эди. Кейинчалик, устозимиз, оқсоқол Тўли Маткаримович раҳбарлигида Исмоил Хакимович Жўрабековнинг ҳузурига бориб,  Беруний туманини ҳам ушбу канал орқали суғориш мумкинлигини айтиб, лойиҳани тақдимотини қилдик. Канални кенгайтириш бўйича топшириқ бўлди ва лойиҳавий қуввати секундига 110 куб метр бўлган канал қурилиши режалаштирилди. Шу тариқа, 1992 йил 23 октябрда ушбу каналнинг мана шу биз турган жойдан дастлабки қазиш ишларини бошладик. Лекин, ўша вақтларда мамлакатимизнинг иқтисоди бу каби катта қурилиш лойиҳасини молиялаштиришга имкони бўлмагач узоқ йиллар ушбу лойиҳа тўхтаб қолди. 

Мана, минг шукрки орадан 30 йилча вақт ўтиб, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қаратган алоҳида эътибори, ажратилган маблағлар ва қурувчиларнинг фидокорона меҳнатлари натижасида халқимизга ушбу йирик каналнинг бир қисми фойдаланишга топширилмоқда. Бунинг учун қорақалпоғистонликлар номидан аввало, Давлатимиз раҳбарига, мана шу учта туман аҳли номидан эса, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва Сув хўжалиги вазирлиги  ҳамда қурувчиларга миннатдорлик билдираман.

Тадбир иштирокчилари “Бўстон” каналининг бетонланган қисмлари, лойиҳа асосида қурилган гидроиншоотлар, сувчиларнинг хизмат уйи ва диспетчерлик хоналари билан танишди.

Баҳорнинг дастлабки ойидаги байрамлар, табиатнинг уйғониши барчага хуш кайфият бағишлади. “Бўстон” канали шарқий қисмининг фойдаланишга топширилиши қорақалпоғистонликлар учун  яна бир унутилмас тарихий кун – байрамга айланди.

 

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби