Гендер ва иқлим ўзгариши кенг муҳокама этилди

___ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Гендер ва иқлим ўзгариши” мавзусида ўқув-тренинг  ўтказилди.

___ Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган ўқув-тренингда ҳудуддаги сув хўжалиги тизим-ташкилотларида фаолият юритаётган ходималар ва фермер аёллар иштирок қилди.

___ Ўқув-тренингда иқлим ўзгариши тушунчалари ва гендер муаммолари, иқлим ўзгаришининг қишлоқ аёлларига таъсири, қишлоқ ҳўжалиги экинларининг сувга бўлган талаблари,  сувни тежаш технологияларни тарғиб қилиш, гендер тенглиги ва иқлим ўзгариши ўртасидаги муносабатлар мавзуларида тақдимотлар қилинди ва мавзуни иштирокчилар ўзаро муҳокама қилдилар.

___ -Гендер – бу фақат аёлларга тегишли тушунча эмас,  дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сектор раҳбари Саадат Худайбергенова. – Бугунги тренингда гендер деганда эркаклар ва аёлларнинг ижтимоий хулқ-атвори, шунингдек, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими тушунилиши ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлдик. Иқлим ўзгаришининг аёлларга бўлган таъсири ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдик. Масалан, таҳлилий маълумотларга кўра Ўзбекистонда ўртача сув таъминоти мавжуд бўлмаган 61 фоиз хонадонларни сув билан таъминлаш маъсулияти вояга етган аёлллар зиммасига юклатилган экан. Шунингдек,  иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган иқтисодий хавфлар, соғлиқ учун хавфлар ва ижтимоий хавфлар ҳақида ҳам кенг турда маълумотлар олдик ва тренингнинг видеоалоқа тарзида ўтказилган қисмида марказий стуниядаги тренерлар билан ушбу масалаларни кенг муҳокама қилдик.

___ Ўқув-тренингда таъкидланганидек, аёллар ва эркаклар ўртасидаги ижтимоий фарқ – “гендер” сўзи билан белгиланади. Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги  томонидан жойларда ташкил қилинаётган шу каби тренинглар ва бошқа лойиҳалар сув хўжалиги соҳасига хотин-қизларни кенгроқ жалб қилиш, уларнинг тизимдаги фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

___ Маълумот учун: Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалигининг тизим ташкилотларида 200 нафардан ортиқ хотн-қизлар фаолият олиб бормоқдалар.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати