СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ

бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланмоқда

___ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги (ПҚ-5005-сон) қарорида Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йилда жами 20 224 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланган.

___ Қорақалпоғистон Республикасида мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, унинг аҳамиятини сув истемолчиларига тўғри тушунтириш ва тарғибот тадбирларини амалга ошириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходимлари иштирокида кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.

___ Тўрткўл тумани “Тоза боғёп” овул фуқаролари йиғини ҳудудидаги “Мансур МММ” кўп тармоқли фермер хўжалиги даласида ўтказилган кўргазмали семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи Б.Холмуроджонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув тежовчи  ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича сектор бошлиғи А.Қидирбаев, тумандаги қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ва сектор раҳбарлари, кластер, фермер хўжаликлари, қурувчи ташкилотлар вакиллари иштирок қилдилар.

___ Тадбирда таъкидланганидек, тегишли қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида мазкур туманда ўтган йили 213 гектар майдонга, бугунги кунгача эса яна 107 гектардан ортиқ майдонга ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган.

___ Шунингдек, ўтган йили 1000 гектардан ортиқ пахта майдонларига томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган бўлса, жорий йилда 1900 гектар майдонга ўрнатиш режалаштирилмоқда. Эътиборлиси, 2022 йилда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган фермер хўжаликларига 3 миллиарддан ортиқ субсидия ажратилди.

___ – Албатта, сув тежовчи технологияни жорий қилиш бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланиб улгурди, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув тежовчи  ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича сектор бошлиғи А.Қидирбаев.  – Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йил пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 3050 гектар майдонда қурувчи корхоналар билан талабгорлар ўртасида пудрат шартномалари расмийлаштирилган, 820 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланган. Ўтказилаётган семинарларда туман ҳокимлиги масъуллари, сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва сувни тежайдиган технологияларни қурувчи пудрат корхонлари вакиллари ҳам иштирок қилиб, биргаликда сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича вазифалар белгиланиб, ижроси  назоратга олинмоқда.

___ Айни вақтгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган график асосида Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Тахиатош, Хўжайли жами 10 та туманда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этилди. Бу ишлар барча туманларда ўтказиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларини кучайтириш борасидаги тадбирлар давом қилмоқда.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби