НУКУС ШАҲРИДАГИ ТОМОРҚАЛАРГА сув етказилганидан аҳоли рози

___ Азалдан халқимиз сувни табиятнинг бебаҳо неъмати деб билган ва уни тежаб, оқилона фойдаланишга эътибор берган. Доно халқимизнинг сувни зарга сувчини эса, заргарга қиёслашида шуқур маъно бор. Сувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига етказилган сувлардан тежамкорлик билан фойдаланиб, томорқа майдонларидан самарали  фойдаланаётган юртдошларимиз кўп.

___ Нукус шаҳридаги “Жеке терек” маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонлари “Дўстлик” каналига яқин ҳудудда жойлашган. Сув хўжалиги ташкилотининг белгиланган лимити асосида шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли насос агрегатлари орқали аҳолининг томорқа майдонларига сув берилади.

___ Шаҳарда бўлсакда қишлоқдагидек, томорқаларимизда мева, сабзавот-полиз маҳсулотларини томорқамизда етиштирамиз, – дейди Қарлибай ота Назарбаев. – Шаҳримизнинг кўп қисмида суғориш тармоқлари, яъни оқар сув билан суғорадиган ариқлар йўқ. Лекин бизнинг маҳаллада деярли барча хонадонлар уйлари атрофидаги томорқаларини ариқлардан келадиган сувдан суғоради. Куз-қиш мавсумида ҳашарлар ташкил қилиб, ариқларни тозалаймиз.

___ Томорқаларимизга сув зарур бўлса, “Кўча бий”ларимизга айтамиз. Улар тезда маҳалла раиси орқали сув хўжалиги ташкилотига сув олиш бўйича буюртма беришади ва ободонлаштириш ходимлари каналдаги насос агрегатини ишга қўшишади.  Минг шукурки бу йил томрқаларимизни ўз вақтида суғориб баҳорги экин-тикин ишларини бошладик. Биз каби томорқа эгалари кафтдек ерида ҳам оиласи учун мўл ризқ етиштиришда сув ўз вақтида келиши ҳам жуда муҳим, албатта.  Бунинг учун сувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

___ Етмиш уч ёшни қаршилаган Қарлибай ота 40 йилдирки шу маҳаллада истиқомат қилади. У билан суҳбатлашар эканмиз, томорқада деҳқоншилик қилишнинг муҳим жиҳатлари, ердан ва сувдан унумли фойдаланиш борасида ҳаётий тавсияларини бериб ўтди. Шу билан бирга сув танқислиги пайтида унинг республикамизга, хусусан маҳалласидаги томорқада деҳқончилик қиладиганларга ҳамда бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навосига таъсири ҳақида мулоҳазаларини гапириб берди.

___ Биз вазирликнинг Матбуот хизмати раҳбаридан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот олиб, амалиёт ўташда бириктирилган раҳбаримиз тавсиясига кўра сув хўжалигининг ташкилотларини сув истеъмолчиларигача бўлган тизимни ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ушбу мақоламизда “Қизкеткен-Кегейли” ирригация бошқармасининг “Дўстлик” участкаси ҳудудидаги битта насос агрегати орқали берилаётган сувни ёқалаб,  “Жеке терек” маҳалласидаги Алымбай Абдикаримов, Ҳамза Тореевлар каби ўнлаб хонадон вакилларининг фикрларини Қарлибай ота сўзлари мисолида ёритишга ҳаракат қилдик.

___ Эътиборлиси, Нукус шаҳридаги томорқаларга сув етказиш ишига бош-қош бўлаётганлардан аҳоли рози эканлигини билдик. Сув хўжалигини ўрганганимиз сари, – Сув -ҳаёт манбаи, – деган иборанинг мазмун-моҳиятини теранроқ англаб етмоқдамиз.

 

Гулжайна Жумағалиева,

ҚДУнинг Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан

алоқолар йўналиши 2-курс талабаси,

Матбуот хизмати.