
Ҳурматли Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказаётгани, бу халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқаргани ва эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказганини алоҳида таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам 2020 йил халқимиз учун оғир ва синовлар йили бўлди. Жумладан, Амударё ҳавзасида сув миқдорининг ўртача кўп йиллик меъёрларга нисбатан кам бўлгани қорақалпоғистонлик сувчилар ва деҳқон-фермерларни яна бир бор синовдан ўтказди.
Президентимиз 2020 йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва экин майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эдилар. Мазкур вазифалар доирасида Қорақалпоғистонга 200 та ер текисловчи лазер қурилмаларини олиб келиш белгиланган бўлиб, ҳозиргача 100 га яқини олиб келинди ва бу ишлар уюшқоқлик билан давом этмоқда. Шунингдек, барча туманларда вазирлик, сектор раҳбарлари ва олимлар иштирокида икки маротабадан ер майдонларини лазер қурилмалари ёрдамида текислаш ва шўр ювишни ташкил этиш бўйича кўргазмали илмий-амалий семинарлар ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли, охирги йилларда 47 минг гектардан ортиқ ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 11 минг 200 гектарга камайди, 140 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.
Президентимизнинг 2020 йил 5 декабрда қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бу борада янги қадамлар ташланди, олиб борилаётган ишларнинг ҳажми ва кўлами янада кенгайди.
Қарор доирасида 2021 йилда 9 минг 423 гектарда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кейинги 3 йилда 41 минг 900 гектар майдонни илғор суғориш усулларига ўтказиш белгиланган. Биз қарорда белгиланган топшириқлар ижросини сўзсиз бажариш ҳамда Мурожаатномада сув хўжалиги соҳаси олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўзида 24 минг гектарда сувни тежовчи технологияларни жорий қилишни режалаштириб олдик.
Шу билан бирга, сув хўжалиги объектларига, насос агрегатлари ва мелиоратив назорат қудуқларига рақамли технологияларни ўрнатиш, ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига илмий-техник жиҳатдан ёндашиш, бу борадаги барча тадбирларни илмий хулосалар олинганидан кейингина амалга оширишга жиддий эътибор қаратамиз.
Қорақарпоғистон Республикаси ҳудудларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб қолган ер майдонларни қайта фойдаланишга киритиш асосий вазифасиларимиздан ҳисобланади. 2020 йил 11 минг 905 гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 2021 йилда яна 12 минг гектардан ортиқ майдонлар қайта фойдаланишга киритилади.
Ж.Узақов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири