
___ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, сув хўжалиги тизимда амалга оширилаётган ишларни атрофлича таҳилил қилиб, соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш бўйича масъулларга кўрсатма берди. Хусусан, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
___ 
___ Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон ҳамда Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармалари қарашли насос станцияларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича қиймати 93,4 млрд. сўмлик жами 27 та лойиҳа битимлари имзоланган. Шундан битта лойиҳа бекор қилинган бўлса, 26 та лойиҳа юзасидан 2022 йилдан шу кунгача 959,7 млн. сўм (9,2%) инвестиция маблағлари киритилди. 17 та лойиҳа бўйича хусусий шериклар томонидан инвестиция маблағлари киритилмаган. 7 та лойиҳа доирасида хусусий шериклардан бир ой ичида инвестиция киритишга такроран кафолат хатлари олинган.
___ Шунингдек, 9 та лойиҳа бўйича инвестиция мажбуриятларини бажарилиши бўйича хусусий шериклар билан бир қанча маротаба учрашувлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилиб, талабнома ва кафолат хатлари олинганлигига қарамасдан бугунги кунга қадар хусусий шериклар томонидан инвестиция киритиш бўйича ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаганлиги танқид қилинди. Шу боис мазкур хусусий шериклар билан тузилган битимни суд тартибида бекор қилиб, етказилган зарарни ва ҳисобланган пеняни давлат фойдасига ундириш бўйича судларга даьво ариза киритилди.
___ – Жорий йилда мазкур йўналишда 25 та лойиҳани амалга оширилиши режалаштирилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакиллантириш ва жорий этиш сектори катта муҳандиси Т.Қарлибаев. – Ушбу лойиҳалар бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, хусусий шериклар тамонидан имзоланди ва бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳужжатлар тақдим қилинди.

___ Вазиримиз танқид қилганидек, насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида олган шериклар зиммасидаги мажбуриятларни бажариш бўйича масъулиятни тўла ҳис қилмаяпти. Лекин улар орасида самарали фаолият юритаётганлари ҳам бор. Масалан, «Тоққиз там» насос станциясини «Мидасиатех cлустер» МЧЖ 2021 йил август ойида хусусий шериклик асосида олган эди. Бугунги кунгача мазкур хусусий шерик лойиҳа шартларига кўра, насос станциясига 200 миллион сўмлик инвестиций киритди. Станцияга янги ПГ-50 насос агрегатини ўрнатиб, ўзларига қарашли экин майдонлари ва аҳоли томорқалари жами 394 гектар майдонни сув билан таъминлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
___ Йиғилишда вазир мутасаддиларга сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга оширишда шерикларга шартнома шартларини бажаришдаги масъулиятини ошириш борасида тушунтириш ва тарғиботни кучайтириш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва муқобил энергияга ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

___ Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасидаги 4 та насос станциясини муқобил энергия билан таъминлаш ва модернизация қилиш бўйича “Metito Utilities Limited” (Буюк Британия) ва “Alcazar energy” (БАА) компанияси қизиқиш билдирган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш юзасидан объектлар ўрганилмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби