ЖАҲОН БАНКИ МИССИЯСИ ВАКИЛЛАРИ ФЕРМЕРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

___ Олдин хабар берганимиздек, Жаҳон банкининг Сув хўжалиги масалалари бўйича масъул вакили Азад Абдулхамид бошчилигидаги миссия “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

___ Миссия аъзолари Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази директорининг ўринбосари Нуриддин Хўжақулов ҳамроҳлигида Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.

___ Хусусан, Тўрткўл туманида фермерлар билан учрашувда лойиҳа доирасида ерларни лазерли текислаш ишларининг бугунги натижалари бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди. Фермерлар лазерли ускуна ёрдамида текисланган ғалла майдонлари бошқа майдонларга нисбатан ҳосилдорлиги ортгани ва сув сарфи ҳам камайганлигини алоҳида таъкидлаб, лойиҳа масъуллар ва уни амалга оширган ташкилот қурувчи ва хизматчиларига меҳмонларга миннатдорлик билдиришди.

___ – Тадбир иштирокчилари бош пудратчи – “Хисоракгидроқурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган “Пахтаарна каналини қайта тиклаш” шартномаси таркибидаги янгидан қурилган сув тақсимловчи гидротехник иншоотни бориб кўрди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадреймов. – Шунингдек, меҳмонлар ушбу ҳудуддаги янгидан қурилган дарёга сув чиқарувчи гидротехник иншоот билан яқиндан танишди. 

___ Лойиҳа доирасида каналларнинг сув ҳисобини автоматик ўлчовчи қурилмалар ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Жаҳон банки миссияси вакиллари Бўстон каналининг (шарқий қисм) ўрнатилган сув сарфини автоматик тарзда ўлчовчи SCADA тизими билан танишдилар. Тадбир иштирокчиларига ушбу мослама орқали сувни тўғри тақсимлаш, сувнинг ҳисобини аниқ юритиш бўйича маълумотлар берилди. Меҳмонлар лойиҳа доирасида янгидан қурилаётган 33,4 км узунликдаги пудратчи “TO’PALANG HPD HOLDING” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш монтаж ҳамда бетонлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Эътиборлиси, миссия вакиллари ташрифи доирасида ҳудудлардаги фермерлар билан учрашувида ва лойиҳа доирасидаги ишларни жойига бориб таниш чоғида ҳудуд аҳолиси ҳам лойиҳанинг натижаларини алоҳида эътироф этишмоқда.

___ Маълумот учун: Лойиҳа доирасида белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа (33,2 минг/га), Беруний (34 минг/га) ва Тўрткўл (32,8 минг/га) туманларида жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларда сув ресурслари бошқаруви яхшиланади. Амударёдан сув кўтариб бераётган Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансидаги 3 та йирик – “Дўстлик” (16,2 м3/сек), Қилчиноқ (26,4 м3/сек) ва “Найман-Бештом” 22 м3/сек, 20 та кичик насос станциялари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳисобидаги 400 дан ортиқ насос агрегатлари тўхтатилади ва натижада йилига 6,9 млн. АҚШ доллоллари миқдорида электр энергия ва фойдаланиш харажатлари иқтисод қилиниши назарда тутилган.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби