Мўйноққа сув етказиш ҳамиша масъуллар диққат-эътиборида

___ Мўйноқ – Қорақалпоғистоннинг энг чепкка тумани, Амударёнинг энг қуйи қисмидаги сув таъминоти оғир ҳудуд ҳисобланади. Ҳар йили вегетация даврида мазкур ҳудудга сув етказиш масаласига алоҳида ёндашилади. Бир сўз билан айтганда Мўйноққа сув етказиш масаласи Сув хўжалиги вазирлиги масъулларининг ҳамиша диққат-эътиборида.

___ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи, вазирликдан ҳудудга бириктирилган вакил Қ.Муротов куни кеча Мўйноқ туманида бўлиб, ҳудуднинг сув таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

___ Қ.Муратов тумандаги “Бўзатов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қизилжар” овулидаги сувчилар уйида яратилган шароитларни кўздан кечириб, ҳудуддаги сувчилар билан суҳбатлашди. Шунингдек, олис овулларга сув етказиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, каналларни қазиш ишлари билан ҳам танишди.

___ Бир пайтлар дарёнинг бир қисми бўлган ва кейинчалик канал сифатида фойдаланилган каналлар айрим қисмларидан сўнгги йилларда деярли сув оқмай қолган эди, – дейди Мўйноқ тумани ирригация бўлими раҳбари П.Жиемуратов. – Тумандаги “Бўзатов”, “Тик озек” ОФЙ ҳудудларини ҳамда Мўйноқ тумани марказини сув билан таъминловчи “Қипшақдарё” каналининг белгиланган қисмларидаги қазиш ишлари ниҳоясига етказилди. Қазиш ишларига 4 та экскаватор жалб қилиниб, 4,5 километр қисми тўлиқ қазилди. Ҳозирги кунда туман ҳудудига етказилаётган сув миқдорлари мазкур каналлар орқали аҳоли томорқаларига ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари учун сув етказилмоқда.

___ Маълумот учун: Ҳозирги кунда «Тахиатош гидроузул»дан Амударёнинг қуйи қисмига секундига 50 метр куб сув миқдорлари ташланиб, шундан Мўйноқ тумани чегарасига 15 метр куб/сек. сув етиб келмоқда. “Қизилжар” ОФЙ ҳудудига 6 метр куб/сек, “Междуречье” кўлига 8 метр куб/сек. Ва “Қазақдарья” каналига “Байхожа” сув тақсимлаш иншооти орқали 1 метр куб/сек. сув миқдорлари  берилмоқда.

Ғ.Отажанов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби