____ Шуманай туманида “Сув ресурсларидан фойдаланиш ва ҳудудда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш” мавзусида семинар ўтказилди.

____ Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан келган вакиллар Ҳ.Йўлдошев, М.Саидов, Шуманай тумани ҳокимининг ўринбосари М.Темирханов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассис А.Қидирбаев, туман ирригация бўлими раҳбари Б.Хожаназаров ҳамда тумандаги кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок қилди.

____ Тумандаги “Мамий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Агро-Шуманай-кластер” масъулияти чекланган жамияти пахта кластерининг дала майдонида ўтказилган семинарда сўз олганлар томонидан ҳудудда сув ресурслари тобора камайиб бораётгани, бунинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган майдонларда сув тежовчи технологияларини жорий қилиш бугунги кунинг энг муҳим вазифаси эканлиги таъкидланди.

____ Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги (ПҚ-107-сон) қарорида келтирилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ирригация бўлими қошидаги махсус хизмат фаолиятини такомиллаштириш, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сув истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича хизматларни шартномага асосан кўрсатиш тартиби ва унга тўланадиган маблағларни ўз вақтида тўлаш тартиби тушунтирилди. Таъкидланганидек, махсус хизмат фаолиятини йўлга қўйиш сув хўжалиги хизматларидан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Сув истеъмолчиларига ажратилган сув олиш лимити доирасида сув етказиб беради, белгиланган тартибда унинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади. Шунингдек, сув истеъмолчиларининг буюртманомаси бўйича бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

____ -Тадбир иштирокчиларига анъанавий усулда суғорилган пахта билан томчилатиб суғорилган пахта майдонида тўпланаётган ҳосилни таққослаб кўрсатдик, – дейди “Агро-Шуманай-кластер” МЧЖ агрономи Махсет Хожалиев. – Тўғриси, Қорақалпоғистон шароитида томчилатиб суғориш бўлмайди, дейдиганлар кўп. Лекин, технологияни ўз муддатида ўрнатиб белгиланган муддатларида пахтага сув бериб турилса, яъни ҳамиша ҳовузида сув бўлса бу технология ҳосилдорликни ошириши ва кам сув билан кўп ҳосил олишнинг ягона йўлидир. Семинарда иштьирок қилган фермерлар томчилатиб суғориш технологиясининг ишлаш жараёни ва бугунги кунда анъанавий усулга нисбатан пахтанинг тўплаётган ҳосилини ўз кўзлари билан кўргач, бунга амин бўлдилар.
____ Жараёнларда иштирок қилган фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларига сув хўжалиги масъулларидан жавоблар олди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати