Беруний тумани: ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДА ОЛИНГАН НАСОС СТАНЦИЯСИДА ИНВЕСТИЦИЯ МАЖБУРИЯТИ БАЖАРИЛМАГАН

___ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хужалиги вазирлиги, Беруний Насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳамда Беруний туманидаги “Шухрат Очил” фермер масъуллари иштирокида насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида тасарруф этиш ва хусусий шерикларнинг мажбуриятларини тушунтириш юзасидан семинар ўтказилди.

___ Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги (ПҚ-5005-сон) қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегиясининг 15-иловасида 2021 — 2023 йилларда сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга ошириш ишларининг прогноз кўрсаткичлари белгиланган. Шунга кўра Беруний Насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансидаги  “НАПЭ-384” насос станцияси 2021 йилнинг 17 декабрдаги тегишли шартнома асосида Беруний туманидаги “Шухрат Очил” фермер хўжалигига хусусий шериклик асосида фойдаланишга берилган.

___ Насос стациясини хусусий шерикчиликка олингани ҳақидаги Битимга кўра, мазкур фермер хўжалиги томонидан бугунги кунгача жами 222 мил. сўм инвеститция киритиши белгиланган. Семинар иштирокчилари мазкур насос станциясига бориб ўрганилди ва Битимда белгиланган мажбуриятлар бажарилмагани муҳокама этилди.

___ Хусусан, насос станцияси агрегатлари устидаги  ва ходимлари дам оладиган хоналари таъмирталаб ахволда эканлиги, инвестиция мажбуриятлари билан бирга агрегатлар ва уларни бошқарадиган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жорий таъмирлаш, буяш ишларини  олиб бориш юзасидан топшириқлар берилди. “Шухрат Очил” фермер хўжалиги вакили берилган топшириқлар ва инвестиция мажбуриятларини бажариш учун айни кунларда иш бошлаётганини таъкидлаб ўтди.

___ Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг давлат-хусусий шериклик сектори катта муҳандиси Т.Қарлибаев томонидан  мазкур фермер хўжалиги раҳбари инвеститция мажбурятлари бажарилмаётгани ҳақида огоҳлантирилди ва фермер зиммасидаги мажбуриятларни жорий йил охиригача бажариши юзасидан тушунтириш хати берди.

___  Семинар иштирокчиларига насос станцияларини давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ишлатиш, бунда талабгорлар сафини кенгайтирган ҳолда тизимли иш ташкил этиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини насос станциялари иш самарадорлигини оширишни ҳисобга олган ҳолда тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш бўйича тавсия ва топшриқлар берилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати