Қорақалпоғистон: ИРРИГАЦИЯ ВА МЕЛИОРАЦИЯ ОБЪЕКТЛАРИДАГИ ҚУРИЛИШ ИШЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

___ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконстукция қилиш ишларида белгиланган режа кўрсаткичларининг ижроси муҳокама этилди.

___ Унда сув хўжалигининг ҳудудлардаги тизим ташкилотлари, объектларда қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бораётган пудрат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда лойиҳачилар, соҳага масъул ходимлар иштирок қилди.

___  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев реконструкция ва қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳар бир объект бўйича буюртмачи, қурувчи ва қабул қилиб олувчилардан қилинаётган ишлар бўйича ахборотлари эшитиб, тегишли кўрсатмалар берди.

___ Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарори асосида 2023 йил учун ажратилган лимитлар бўйича 22 та  объектда (14 ирригация, 8 мелиорация) қуриш ва реконстукция ишларини амалга ошириш белгиланган.

___ Шунингдек, Ўзбекстан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 февралдаги 9-сонли баённома қарори асосида 16 мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш (45100,0 млн.сўм) ишларини амалга ошириш назарда тутилган.

___ Жорий йилнинг 7 ойида ирригация объектларини қуриш ва реконстукция қилиш ишлари 46 фоизга бажарилган бўлса, мазкур объектлар 53 фоизга молиялаштирилган. Шунингдек, мелиорация объектларидаги ишлар 55 фоизга бажарилиб, 61 фоизга молиялаштирилган.

___ Ўтказилган муҳокамаларда режадан ортда қолаётган объектлар кескин танқид қилинди. Масалан, “Кегейлимахсуссувпудрат” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган “Дўстлик” каналининг (3-босқич) реконструкция ишлари 13 фоизга бажарилгани айтилди. Қурувчи ташкилот ҳозирги кунда мазкур каналда сув миқдорининг юқорилиги сабабли қурилиш ишлари тўхтаб турганини маълум қилди.

___ Тадбирда Чимбой туманидаги “Май-жап”, Бўзатов туманидаги “Аспантай” ва “Еркиндарья”, Амударё туманидаги “Манғит-арна”, Кегейли туманидаги “Кок-озек”, Нукус туманидаги “Нокис” коллектори, Тўрткўл туманидаги “ГД-1-2” коллектори, Бўзатов туманидаги “КС-1”, Хўжайли туманидаги “Районный” каби объектларда амалга оширилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари кенг муҳокама этилди. Мазкур объектларнинг режадан ортда қолаётганлари алоҳида огоҳлантирилиб, тегишли раҳбарларига қурилиш ва рекнонструкция ишларини ўз муддатларида бажариш бўйича топшириқлар берилди.

___ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов, “Қорақалпоқсувқурилишинвест” ДМ раҳбари И.Мамбетов, Мелиоратив экспедиция бошлиғи И.Жанабаевларга мазкур йиғилишда муҳокама этилган масалалар ва аниқланган хато камчиликларни бартараф қилиш ҳамда алоҳида назорат қилиш топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати