Ижтимоий тармоқларда “Сувсизликдан пахталар куйиб кетди – Қўнғиротлик фермер дардини кимга айтсин? сарлавҳали видеолавҳа тарқалди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қўнғирот тумани ирригация бўлими масъуллари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Қорамирзаев сув тақчиллиги юзасидан билдирган фикрлари юзасидан ҳолатни ўрганишди.
Ўрганиш давомида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа жорий йилнинг июль ойида тасвирга олингани ва ўша вақтда ҳақиқатан ҳам мазкур ҳудуд асосий сув етказиш каналларидан узоқлиги ва кузатилаётган сув танқислиги сабабли сув етказишда узилишлар бўлгани аниқланди.
Муҳаммаджон Қорамирзаев раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг даласи Қўнғирот туманининг сув таъминоти энг оғир бўлган «Раўшан» ОФЙ ҳудудида жойлашган. Қўнҳирот туманига Нукусдан 100 километрдан ортиқ масофада магистрал каналлар орқали туманга етказилган сув дастлаб, «Алимабад» канали, «Худияр жап» каналига берилиб, яна 35-40 километрдан кейин мазкур фермер хўжалиги майдонларига етказилади.
Тарқалган материалда сув каналлари, зовурларнинг етарлича таъминланмаганлиги ҳақида ҳам гап боради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида «Раўшан» овул фуқаролар йиғини ҳудудини сув билан таъминловчи «Алимабад» хўжаликлараро каналининг 15,6 километр қисми қазиб тозаланган. Материалда келтирилган каналларнинг қазилиши билан боғлиқ муаммо катта эҳтимол билан фермернинг даласига сув етказувчи «Худияр жап» ички каналида бўлиши мумкин.
Биз, бу борадаги амалга оширилган ишларни ва томонларнинг мажбуриятини ҳам атрофлича ўргандик. Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги ПҚ-145-сонли қарорига асосан ички хўжалик каналларида қазиб тозалаш ишларини амалга ошириш ҳудуддаги кластер ва фермер хўжаликлари зиммасига юклатилган. Лекин, бу борадиги ишларга ҳудуддаги кластер ва фермер хўжаликлари етарлича эътибор қаратмагани, ёки бошқа сабаблари борми ички каналлар тўлиқ тозаланмагани ҳам бор гап.

Ҳудуддаги фермер хўжаликларининг шароитини билган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва туман ирригация бўлими томонидан ҳудудга сув етказиш ва ички каналларни қазиб тозалашда амалий ёрдам берилди. Хусусан, жорий суғориш мавсуми даврида “Худияр жап” ички каналини қазишга экскаватор жалб қилиниб, сув ўтказиш муаммо бўлиб турган жами 2-3 километр қисмида қазиш ишлари амалга оширилди.
«Раўшан» ОФЙ ҳудудига «Алимабад» канали орқали жорий йилнинг
17 июль кунидан бошлаб график асосида сув берилган ва видеомурожаат билан чиққан Муҳаммаджон Қорамирзаев фермер хўжалигининг 20 гектар пахта майдонларида суғориш тадбирлари амалга оширилган.
Бир сўз билан айтганда, соҳа ходимлари республикамизнинг энг чекка ҳудудларигача сув етказишнинг барча чораларини кўришмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати