Нукус туманидаги “Каттагар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармасида “Анасай” канали ва гидроиншоотларнинг хавфсизлиги, техник ҳолати бўйича муаммоларни ўрганиш юзасидан семинар ташкил қилинди. 
“Каттагар-Бўзатов” ИТБ ва Нукус тумани ирригация бўлими масъуллари, гидротехник ходимлари иштирок қилган семинарда “Сувхўжаликназорати” инспекцияси Қорақолпоғистон Республикаси бўлими инспектори И.Асаматдинов сўз олиб, “Анасай” каналининг хавфсизлиги ва ундаги мавжуд гидротехник иншоотлардан самарали фойдаланиш, сувни ҳисобини юритиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя қилиш ҳамда ушбу тартиб-қоидаларнинг аҳамияти ҳақида тушунтириб ўтди.

Тадбир давомида “Каттагар-Бўзатов” ИТБ раҳбари Д.Усаков ҳам сўзга чиқиб, Бошқармага қарашли каналларда сувларни хафвсиз ўтказиш ва гидротехник иншоотларнинг соз ҳолатда ишлашини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва олдида турган вазифалар юзасидан ахборот берди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари “Анасай” каналидан сув тақсимловчи иншоотларнинг бирини танлаб, “ГР-21” ускунаси орқали ўтаётган сувнинг миқдорини ўлчадилар. Жараёнларда сув хўжалиги мутахассисларига сув миқдорларини ўлчашда аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатлар тушунтириб борилди.

Семинар давомида ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича хусусан, сув хўжалигининг белгиланган объектларини фавқулотда ҳолатлар учун авария захира материаллари билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, бир неча йиллардан буён реконструкция ишлари олиб борилиб, жорий йилда якунига етказилаётган “Анасай” магистрал каналининг хавфсизлик декларациясини янгидан ишлаб чиқиш белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати