Кегейли тумани “Актуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган М.Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий тадқиқот институтининг тажриба майдонида боғдорчилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, махсус хизмат фаолияти ва бу борада қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги, Қорақалпоғистон Республикаси насос станциялари ва энергетика бошқармаси, туман ирригация бўлимининг масъул ходимлари иштирок қилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-107-сонли қарори, 2022 йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги 196-сонли қарорларининг мазмун моҳияти кенг тушунтирилди.
Шунингдек, семинарда Сув хўжалиги вазирлигидан Кегейли туманига бириктирилган вакил, Қорақалпоғистон Республикаси насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Кенес Сарыбаев сўз олиб, сув ресурсларидан самарали файдаланиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилишга оид қарорлар талабларини бажаришда Кегейли туманида йўл қўйилаётган хато камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борада айни кунлардаги вазифаларга тўхталиб, ғалла экишга тайёрланаётган майдонларни 100 фоиз лазер қурилмаси ёрдамида текислаш зарурлигини таъкидлади.

-Ўтказилаётган семинарларда белгиланган топшириқларни ижросини таъминлашда юзага келаётган муаммолар янада ойдинлашмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хужалиги вазирлиги бош мутахассиси А.Қидирбаев. Бу борада қуйи тизим ташкилотлари вакиллари ўзларининг таклифларини ҳам беришмоқда. Лекин, уларни таҳлил қилганимизда барча сув истеъмолчилари ҳам сув тежовчи технологияларидан самарали фойдаланиш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга етарлича эътибор қаратмаётгани маълум бўлмоқда.
Семинарда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга оид тушунтириш ва тарғибот тадбирларини янада кучайтириш белгиланди ва бу каби семинарларни барча ҳудудларда ўтказиш ҳамда уларга сув истеъмолчиларини ҳам жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари М.Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий тадқиқот институтининг тажриба майдонидаги боғда жорий қилинган томчилатиб суғориш технологияси билан яқиндан танишдилар.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати