Коллектор тармоқларини таъмирлаш борасидаги вазифалар муҳокама этилди

___Кегейли туманидаги «Халқабад каналлари» коллектор тармоқларини  тизимли таъмирлаш-тиклаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини муҳокама этиш юзасидан объект бошида семинар ўтказилди.

___Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хужалиги вазирлиги, буюртмачи «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ ҳамда пудратчи ташкилот “Бунёдкор мерос” МЧЖ раҳбарлари ҳамда туман мелиорация бўлими масъуллари иштирок қилди.

___Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 февралдаги тегишли баёнида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2023 йилда мелиорация объектларида амалга ошириладиган тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари белгиланган. 2022 йилдан буён таъмирлаш ишлари бошланган «Халқабад каналлари» коллектор тармоқларини  тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларининг жорий йилда давом қилдириш юқоридаги баённомада назарда тутилган.  

___Мазкур коллекторнинг таъмирланадиган умумий узунлиги 100,4 километрни ташкил қилиб, жами лойиҳа қиймати 4 млрд. 484,1 млн. сўмни ташкил қилади. Бугунги кунгача “Бунёдкор мерос” МЧЖ томонидан 91,2 километр қисмида 3 млрд. 935,7 млн.сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилган.  Шундан, жорий йилда 2 млрд. 66,6 млн. сўм лимит маблағлари ажратилган    бўлиб, 52 километр таъмирлаш режалаштирилган. Шундан ҳозирги кунгача 1 млрд. 518,3 млн. маблағ ўзлаштирилиб, колекторнинг 33,8 километр   қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилган.

___Семинарда пудратчи ташкилот “Бунёдкор мерос” МЧЖ вакили ҳамда объектни таъмирлаш-тиклашга масъул бўлган ходимларга объектни жорий йилнинг 1 октябрь санасигача таъмирлаш ишларини якунлаш, ишларнинг сифатини назорат қилиш ҳамда лойиҳа ҳужжатлари асосида фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатма берилди.

___Маълумот учун: Коллекторни таъмирлаш-тиклаш лойиҳа доирасида объектта 1 дона пиёдалар кўприги, 1 дона акведук, 16 дона қувурли ўтказгичлар, 15 дона назорат қудуқларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилганлигини таъкидлаб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати