Чимбой тумани: КЎЧАТ ЭКИШ ВА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ БЕЛГИЛАНДИ

     Чимбой туманида «Жузбасы» фермер хўжалиги даласида “Яшил макон” лойиҳаси, сув хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган тадбирлар, кейинги йил ҳосили етиштириладиган майдонларга сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш ишларини жадаллаштириш юзасидан кўргазмали семинар ташкил қилинди.

   Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси А.Ҳаитов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ва шимолий туманлардаги сув хўжалиги ташкилотлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок қилган тадбир аввалида “Яшил макон» лойиҳаси доирасида  амалга ошириладиган тадбирлар, суғориш тармоқларини тартибга келтириш масаласи кенг муҳокама қилинди.

     Тадбирда иштирок қилаётган барча масъуллар дала атрофига дархт кўчатларини экишда иштирок қилишди. Масъуллар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини уюшқоқлик билан амалга ошириш мақсадида фермер, деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари дала четлари, йўл бўйларига  ток, тут, тол каби маҳаллий дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш ишларига тайёргарликлар кўришга йўналтирилган семинарлар, тайёр кўчатлар ярмаркаларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

     Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш зарурати, кейинги йил учун ҳозирдан амалга ошириладиган тадбирларга киришиш кераклигини таъкидлаб, бу борада тегишли масъулларга топшириқлар берди.

     Шунингдек, семинарда сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, ташаббускорларга давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва енгилликлар, субсидиялар ҳамда сувдан самарали фойдаланиш чоралари бўйича тақдимотлар қилинди. Тадбир доирасида ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш, сув тармоқларини қазиб-тозалаш ишларини сифатли олиб бориш юзасидан кўргазмали тадбирлар ҳам ташкил қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати