ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ЯНГИ ТИЗИМ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

    Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 17 октябрдаги 156-сон буйруғи мазмун-моҳиятини тизим ташкилотлари раҳбарларига тушунтириш ҳамда унинг ижросини таъминлаш, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни муҳокама этиш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

    Унда вазирликнинг масъул ходимлари ҳамда видеоконференцалоқа режимида Қорақалпоғистондаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари иштирок қилди.

    Дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукумати ҳужжатлари билан вазирликка юклатилган вазифалар ижросини белгиланган муддатларда, сифатли ва тўлақонли таъминлаш бўйича янги тизим жорий этиш ҳақида” ги буйруғи билан таништириб, унда белгиланган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

    Таъкидланганидек, мазкур буйруқ билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва йиғилиш баёнлари топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ва қолоқликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича 2023 йилнинг 1 ноябридан янги тизим жорий қилиш белгиланган.

    Шунингдек,  мазкур буйруқнининг мазмун моҳиятини ҳар бир ходимга етказиш, юқорида келтирилган ҳужжатлар билан вазирликка юклатилган вазифалар ижросини белгиланган муддатларда, сифатли ва тўлақонли таъминламаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддасига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазо чораси муқаррарлиги ҳақида расман огоҳлантириш орқали барча даражадаги раҳбар ва ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш белгиланмоқда.  

 

Йиғилишда тизим ташкилотлари раҳбарларига суғориш тармоқларида сув йўқотишларни камайтириш, каналларни бетонлаш ишларини амалга ошириш чораларини кўриш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, “Яшил макон” лойиҳаси, сув хўжалиги объектларининг ҳимоя зоналарига қурилган ноқонуний қурилмаларни бартараф қилиш, сув хўжалиги объектларида энергия тежамкор технологияларини жорий этиш масалалари кенг муҳокама этилди. Шу жумладан, кейинги йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш ишларига бугундан киришиш, бу борада фермер хўжаликларига банк ва  қурувчи ташкилотлар ўртасида тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш ишларини ташкил қилишда амалий кўмак бериш бўйича туман ирригация бўлимларига кўрсатмалар берилди.

    Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан Қорақалпоғистонга бириктирилган вакил Н.Атакулов иштирок қилди ҳамда кун тартибидаги масалалар юзасида тизим ташкилотлари раҳбарларига тегишли топшириқлар берди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати.