Куни кеча бутун мамлакатимиз бўйлаб, “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсуми кўтаринки руҳда бошланди. Ушбу тадбирда Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотлари ҳам фаол иштирок қилишмоқда.

Бугун, яъни 26 октябр куни “Қаттағар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармасининг Нукус туманидаги участкасида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Семинарда иштирок қилган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Назаров, Нукус тумани ҳокими З.Зайтов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи, республикага бириктирилган вакил Н.Атақулов ва Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирнинг биринчи ўринбосари А.Уразимбетовлар “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумини юқори савияда ташкил қилиш, бу борада Қорақалпоғистон иқлим шароитига мос дарахт дарахт кўчатларини экиш, кўчат экилган майдонларни суғориш ва парваришлаш борасида белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Кўчат экиш тадбирида бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок қилиб, ушбу тадбирнинг аҳамияти, экилаётган кўчатларнинг ўсиб-ривожланиниб кетишини таъминловчи факторлар, эртанги кундаги парвариши юзасидан масъулларга саволлар бериб, атрофлича жавоблар олишди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон шароитида кўп майдонларда экилган дарахт кўчатлари ўсиб-ривожланиб кетиши қийин бўлмоқда. Ушбу семинарга ҳам шу йўналишда ўрганишлар олиб борилаётган олимлар таклиф этилган. Улар шўр майдонларга кўчат экиш бўйича ўзларининг тавсиялларини беришди. Шунингдек, улар Ўзбекистон олимлари томонидан яратилган ва бошқа ҳудудларда тажрибадан ўтказилган эритмаларни кўчат экишда синаб кўрмоқчилигини айтишиб, ушбу майдонга экилаётган кўчатлар илдизи иритмага босилган ҳолда экилди.

Оммавий ахборот воситаларига мазкур усулнинг Қорақалпоғистон шароитида шўр майдонларга кўчат экиш ва уларнинг ўсиб ривожланишидаги аҳамияти ҳақидаги маълумотлар берилди.
Тадбирда иштирок иштирок қилган масъуллар кўчат экишда иштирок қилдилар. Шунингдек, бу каби тадбирларни барча тизим ташкилотларининг дала майдонларида ўтказиш ва “Яшил макон” лойиҳасида сувчилар фаол иштирок қилиши зарурлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати