Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан 2023 йил 8 сентябрда тасдиқланган Медиа-тадбирлар режасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш – бугунги кун талаби, ҳаётий зарурат” мавзусида туманларга пресс-тур ташкил қилинди.

Медиа-турни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ҳам айнан шу йўналишда кластер ва фермер хўжаликларига сув тежовчи технологиялар, хусусан, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғоришнинг афзалликларини тушунтириш, бу борада юқори натижага эришаётган фермерлар интервьюларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш орқали тарғибот тадбирларини кучайтиришдан иборатдир.
Марказий ва маҳаллий нашрлар, теле ҳамда радио каналлар вакилларидан иборат тадбир иштирокчилари дастлаб, Тахиатош туманидаги «Туреев Султамуратбий» фермер хўжалигининг ғалла майдонларига жорий қилинган ёмғирлатиб суғориш технологияси билан яқиндан танишдилар.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари, туман ирригация бўлими ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари журналистларга ёмғирлатиб суғориш технологияиснинг Қорақалпоғистон шароитида ғалла майдонларида қўллашнинг афзалликлари ҳақида кенг турда маълумот бердилар.
-Қорақалпоғистон шароитида лазерли ускуна ёрдамида экин майдонларини текислаш – сув тежаш билан бирга ҳосилдорликни оширувчи энг муҳим тадбирдир, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Султанмурат оға Туреев. – Бир неча йил олдин ғалла экиладиган майдонларни шу усулда текислашни бошладик, ҳозирда 60 гектар ғалла майдони тўлиқ лазер ускунаси билан текисланган. 2021 йил 25,9 гектар ғалла майдонимизга ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатдик. Ўтган йил ғалла ҳосилини йиғиштиришда Қорақалпоғистон шароити ғаллани ёмғирлатиб суғориш энг самарали усул эканлигига амин бўлдик. Бу фақатгина сувни тежаб қолмасдан ҳосилдорликни оширишга жуда катта ҳисса қўшади. Деҳқонларимиз яхши билишади Қорақалпоғистонда айни ғалла ҳосил тўплаш пайтида қуриқ иссиқ об-ҳаво бўлади. Анъанавий суғориш учун кўп миқдорда сув ва вақт кетади. Биз тажрибамизда кўрдикки, шу пайтда вақти-вақти ғалла майдонлари ёмғирлатиб суғорилса, иқлимни нисбатан салқинлатиш ва ўсимлик учун зарур бўлган намликни беради. Ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилган далаларда ҳар бир қатордаги қувирларни алоҳида бошқариш имкониятининг борлиги, бу ишни осон ва қисқа муддатда, кам сув билан амалга ошириш имконини беради. Шу тариқа юқори ҳосил олиш имконияти яратилади.

Мутахассисларнинг фикрича, сувни тежашда ҳосилдорликни ошириш ва ортиқча ишчи кучи талаб этилмайдиган энг самарали усул бу – томчилатиб суғоришдир. У мукаммал суғориш техникаси бўлиб, қўлланилаётганда сув билан биргаликда, зарурий ўғитлар суғорилаётган экиннинг илдиз қисмига узатилади. Пахта ва буғдойнинг ҳосилдорлиги 30 фоизгача, мевали дарахтлар ва сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги 50 фоизгача ошади.

Пресс-тур иштирокчилари “Қаттағар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармасига қарашли Нукус туманида жойлашган гидроиншоот ҳамда жорий йилда реконструкция ишлари якунига етказилаётган “Анасай” магистрал каналининг реконструкция ишлари билан ҳам яқиндан танишишди.
Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи иккита йирик каналнинг бири, халқ тилида “Қаттағар” дея номланувчи “Анасай” магистраль каналини реконструкция қилиш ишлари 2018 йилда бошланган эди. Ушбу объектда лойиҳа доирасида Бош пудратчи ташкилот “Бунёдкор Мерос” масъулияти чекланган жамияти томонидан каналнинг 13,6 километр қисмида реконструкция ишлари олиб бориш белгиланган. Айни кунларда объектда бир неча экскаваторлар ва махсус техникалар реконструкция ишларини якунлаш бўйича каналнинг охирги қисмларида қазиш ишларини олиб боришмоқда.

Каналнинг умумий узунлиги 13,6 километрни ташкил қилади. Мазкур канал лойиҳа бўйича секундига 342 метр кубгача сув ўтказиш имкониятига эга бўлган. Аммо канал қурилганидан буён – қарийб 33 йилдан буён қазиб тозаланмаганлиги, йиллар давомида лойқа сув оқиб туриши туфайли канал ўзани бир неча баробар кичрайган. Оқибатда ҳозирги кунга келиб, каналнинг ўртача сув ўтказиш қобилияти секундига 100 метр кубгача пасайган. “Анасай” магистраль каналида реконструкция ишлари якунлангач сувдан фойдаланиш коэффициенти 30 фоиздан 85 фоизгача ошади.
Пресс-тур доирасида “Қаттағар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармасининг Нукус туманидаги участкасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун дала шароитида матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Назаров, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи, республикага бириктирилган вакил Н.Атақулов ва Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирнинг биринчи ўринбосари А.Уразимбетовлар сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5005-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган Стратегияси”да белгиланган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижжроси юзасидан маълумот бердилар.
Шунингдек, журналистлар сув хўжалиги соҳасига оид ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан масъуллардан атрофлича жавоблар олишди.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби