ЁРДАМЧИ ХЎЖАЛИКЛАРНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ АЛОҲИДА НАЗОРАТГА ОЛИНДИ

    Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида сув хўжалиги соҳасининг муҳим йўналишлари муҳокамаси билан бирга  Вазир Ш.Хамраев томонидан тизим ташкилотларида ёрдамчи хўжаликларни ташкил қилиш, қуйи бўғиндаги сувчиларни қўшимча рағбатлантириш масаласидаги ишлар танқидий баҳоланиб, алоҳида топшириқлар берилди.

      Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги ташкилотларида Ҳайъат йиғилишидаги берилган мазкур топшириқ алоҳида назоратга олиниб, ҳудудларда ўтказилаётган семинар ва бошқа тадбирларда тизим ташкилотларининг ёрдамчи хўжаликларни ташкил қилиш масаласи ҳам алоҳида ўрганилиши белгиланди. 

      Бугун Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли “Қонликўл” насос станциясида ўтказилган семинар ҳам станция ҳудудида ёрдамчи хўжаликни ташкил қилиш,  ишчиларни қўшимча рағбатлантириш учун яратилган шароитлар билан танишишдан бошланди.

      Тадбирда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари ҳамда бошқарманинг Қонликўл-Шуманай бўлимига қарашли насос станциялари раҳбарлари ва ишчи-ходимлари иштирок этди.

      Ҳозирги кунда насос станция атирофларидаги ҳимоя зоналарида ёрдамчи  хўжалик ташкил қилинган бўлиб, қора мол, қўй-эчки ва  парранда боқиш йўлга қўйилган. Шунингдек, эрта баҳорда экилган сабзавот-полиз экинларини йиғиштириб олишаётган бўлса, ғалладан бўшаган майдонга экилган сабзилар пишиб етилган. Хуллас, ўз вақтида ақл билан қилинган тадбир натижасида сувчиларни қўшимча рағбатлантириш имкони яратилмоқда.

      Шунингдек, семинарда иштирок қилган Бошқарманинг масъул ходимлари Ж.Толейбаев, С.Турғалиев, Ж.Мурадовлар насос агрегатларини таъмирлаш, уларни ажратилган электр энергияси лимитлари доирасида фойдаланиш, техник соз ҳолатда сақлаш, насос станцияларига янги насос, электродвигател, конденсатор, плавний пуск, қуёш батереяси, ва светодиод лампаларини ўрнатилиши, тежамкор ускуналари ўрнатилиши каби масалалар юзасида белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтдилар ва амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама этилди.

      Маълумот берилишича, жорий кузги-қиш мавсумда 110 дона насос агрегатларини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 43 дона насос аргегатлари таъмирланган. Шунингдек, 219 дона чиқарилган сув миқдорларини “онлайн” мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилган.

      Семинар якунида барча насос станцияларида куз-қиш тадбирлари билан бирга ёрдамчи хўжаликларни ташкил қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш ва ишчи ходимларни ҳар ой қўшимча рағбатлантириб бориш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида худуддаги канал ва ариқлар атрофига мевали ва манзарали дархт кўчатларини экиш бўйича кўрсатма берилди.

Қарақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати