Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида шўр ювиш тадбирлари бошланди. Ўнг қирғоқ каналидан ҳозирда секундига 20 метр куб сув ўрнатилди. Мазкур сув миқдорларининг секундига 6 метр куб сув Тўрткул туманига, 7 метр куб Элликқалъа туманига ва 7 метр куб сувни Беруний туманига етказиш белгиланди.

Сувдан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан республикага бириктирилган вакиллар ходимлар билан биргаликда сув назорат инспецияси ходимларидан иборат масъуллар туманларга бириктирилиб, ҳар бир куб сувдан унумли фойдаланиш тадбирлари олиб борилмоқда.
Бугун Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан республикага бириктирилган вакил билан Н.Атақулов ҳамда тегишли масъуллар иштирокида шўр ювишга ер тайёрлаш ва туманларга етказилаётган сувдан самарали фойдаланиб шўр ювиш тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил қилиш бўйича кўргазмали семинарлар ўтказилди.

Туман ҳокимлари ва қишлоқ хўжалиги масъуллари, кластер ва фермер хўжаликлари иштирок қилган семинарларда шўр ювишга ер тайёрлаш, шўр ювишни ташкил қилиш, ички ариқларни тозалаш ва бетон қилиш бўйича ҳашарлар ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Маълумот учун: Шўр ювиш тадбирини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида январь ойи якунигача жанубий туманлар саналган Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларига етказиладиган сув миқдори ва суғориладиган майдонлар бўйича график ишлаб чиқилди. Унга кўра жорий ой якунига қадар 11 минг гектардан ортиқроқ майдонда шўр ювиш тадбирларини амалга ошириш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати