Шуманай тумани: “БОЗ ЖАП” НАСОС СТАНЦИЯСИ ЭНЕРГИЯНИ ИҚТИСОД ҚИЛИШГА ҲИССА ҚЎША ОЛМОҚДАМИ?

   Шуманай туманидаги “Боз жап” насос станциясида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш, насос станциялари ҳамда агрегатларини таъмирлаш, ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш бўйича амалий семинар ўтказилди.

     Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари, бошқарманинг Қонликўл-Шуманай бўлимида жойлашган насос станциялари бошлиқлари ва ишчи-ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида,  масъуллар томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик график асосида муҳокама этилаётган масалаларнинг аҳамияти, шу жумладан насос станцияларида энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш ишлари бўйича белгиланган вазифалар ҳамда 2023 йил якунлари муҳокама этилди.

    -Ҳар ҳафтанинг жума кунида ҳудудлардаги насос станцияларида электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш ҳамда таъмирлаш ишларини ўз муддатларида бажариш бўйича амалий семинарлар ўтказиб келмоқдамиз,  дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи К.Сарибаев. – Ўтган  2023 йилда тегишли қарор ва Давлат дастурлари асосида насос станцияларига 7 дона янги насос, 20 дона электродвигатель, 20 дона конденсатор, 1 дона плавный пуск ускуналари ўрнатилди. Шу билан бирга замонавий энергия тежамкор ускуналарни ҳам кенг қўллашга киришганмиз. Жумладан, 2 дона қуёш батереяси, 2 дона қуёш сув иситиш ускунаси ва 200 дона светодиод лампалари ўрнатилди. Бу борада жами 432,4 минг кВт электр энергияни иқтисод қилиш режалаштирилган бўлса, амалда бу кўрсатгич салкам уч баробар ортиғи билан, яъни 1 274,7 минг кВт электр энергия иқтисод қилишга эришлди. Бунда семинар ўтказилаётган “Бозжап” насос станциясининг ҳам ҳиссаси бор албатта. Режага кўра 10 550 кВт энергия тежаш белгиланган ва мавсум давомида 38 446 кВт электр энергия иқтисод қилишга эришилди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишларимизни изчил давом қилдириб, 1 280 минг кВт электр энергиясини иқтисод қилишни режалаштириб олганмиз. Бугунгидек тадбирларда уларнинг сув етказиб бериш ҳудудлари, станцияга янги тежамкор технология ва ускуналарнинг ўрнатилишидан келиб чиқиб энергия иқтисод қилишга қаратилган тадбирларни белгилаб олмоқдамиз.

     Семинарда куз-қиш мавсумда насос станциялари ҳамда агрегатларни таъмирлаш бўйича Шуманай туманида 8 та насос агрегатлари таъмирлаш режалаштрилгани ва ҳозирги кунгача 4 та насос агрегатлари тўлиқ таъмирлангани таъкидлаб ўтилди ва бу борада масъулларга топшириқлар берилди.

      Жумладан, Бошқарманинг Ишлаб чиқариш техника бўлими бошлиғи С.Утемуратов, Энергетика бўлими бошлиғи Ж.Толеубаев, Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича бош мутахассиси Ж.Мурадов ҳамда Қонликўл-Шуманай бўлими бошлиғи А.Матниязовларга кун тартибидаги масалалар бўйича топшириқлар берилди.  

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати