Журналистларнинг шу мазмундаги саволларига Хўжайлида ўтказилган тадбирда жавоб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан тасдиқланган 2024 йилнинг январь-март ойларида ўтказиладиган Медиа-тадбирлар режасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан дала шароитида матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув йўқотишларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар билан кенгроқ танишиш учун улар сув хўжалиги масъуллари ҳамроҳлигида Хўжайли туманидаги “Ширин жап” каналида амалга оширилаётган ишлар бетонлаш жараёнлари билан танишдилар.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев Президентимиз раислигида 2023 йилнинг 29 ноябрида ўтказилган видеоселектор йиғилишда «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилиниб, бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилганлиги, хусусан бу борада белгиланган вазифалар доирасида айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида каналлар ва ички ариқларни бетонлаш ишлари амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, бу борада берилган топшириқлар асосида Қорақалпоғистон Республикасида 267,7 километр каналларни бетонлаш ва реконструция қилиш белгиланган. Шундан Республика бюджет маблағлари ҳисобидан 119,3 километр 10 объектда бетонлаш ва реконструкция ишларини олиб бориш назарда тутилган.
Бугунги кунга келиб 3,6 километр каналларда бетонлаш ишлари амалга оширилди. Қўшимча 1 объектда 3 километр учун лойиҳа-смета ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, қолган 148 км узунликдаги каналларда, ҳозирда қўшимча маблағ ажратиш ва ўрганиш ҳамда таклиф қилинаётган объектларнинг бирламчи ҳужжатларини таёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2023 йил 1 декабрдаги Президиум қарори асосида кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидан 1000 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилди. Бу борада ҳам ишлар уюшқоқлик билан давом қилмоқда.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси директори И.Мамбетов ҳамда “Бунёдкор Жанубий СҚБ ” МЧЖ бошлиғи Д.Юсупов ва бошқа масъуллар сув йўқотишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича телеканаллар ҳамда матбуот нашрлари вакилларига интервьюлар беришди.

Дала шароитида ўтказилган анжуманида оммавий ахборот воситалари сув хўжалиги масъуллари ва қурувчи ташкилот вакилларидан каналларни бетонлаштириш ва сув йўқотишларни камайтириш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати