«Бўзатов» каналининг реконструкция ишлари ўрганилди

     Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан Қорақалпоғистонга бириктирилган вакил Н. Атакулов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари Нукус туманидаги “Бўзатов” каналида олиб борилаётган реконструкция ишларининг лойиҳа талаблари асосида бажарилиши ўрганилди.

     “Каттагар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармаси, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ вакиллари ҳамда қурувчи пудрат ташкилоти масъуллари иштирок қилган ўрганиш давомида 2024 йил Давлат дастурига киритилган ирригация-мелиорация тадбирлари доирасида қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг бориши муҳокама этилди.

     -Нукус туманидаги “Бўзатов” магистрал канали 1986 йилда фойдаланишга топширилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш сектор бошлиғи А.Махаматдинов. Умумий узунлиги 46,7 километрни ташкил қиладиган каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 52,2 метр кубни ташкил қилган. Лекин, кейинги йилларда канал лойқа билан кўмилиб, натижада сув ўтказиш даражаси секундига 26 метр кубга тушиб, туб қисми 1,8-2,2 метргача лойқа билан кўмилиб қолган эди.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги тегишли қарори асосида республикамиздаги бир қатор ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳам белгиланган.Шу жумладан, 2024 йилда Нукус туманидаги “Бўзатов” каналинининг 18,6 километр қисмида (1-босқич) реконструкция ишларини олиб бориш назарда тутилган.

        Ўрганиш якунида “Каттагар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Д.Усаков, “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” ДМ бош муҳандиси Н.Кайпов, қурилишни техник кузатиш бўлими бошлиғи Е.Бекниязов ҳамда пудратчи ташкилот “Бунёдкор мерос” МЧЖ участка бошлиғи М.Тухтабаевларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва етарли миқдорда махсус техника ва ишчи кучларини жалб қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

        Маълумот учун: Ҳозирги кунгача «Бўзатов» каналининг 3,26 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилди. Объектдаги қурилиш ишларига жами 30 та махсус техникалар ҳамда 36 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати