Қорақалпоғистон: СУВ ХЎЖАЛИГИ МАСЪУЛЛАРИ ХАЛҚАРО ЛОЙИҲАЛАР ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан республикага бириктирилган вакил Н.Атақуловлар Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) нинг  “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасида ишлаб чиқилган  Марказий Осёда иқлим ўзгариши таъсири доирасида сув ресурсларини бошқариш дастури вакиллари Ш.Мухамадиев ҳамда М.Эрназаровлар билан учрашди.

Учрашув аввалида меҳмонларнинг иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда сув ресурслари интеграциялашган бошқариш соҳасида эҳтиёжлар ва техник салоҳиятни баҳолаш учун ишлаб чиқилган саволнома бўйича  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев атрофлича жавоблар берди.

Шундан сўнг сув хўжалиги масъуллари Қорақалпоғистон ҳудудида сувни бошқариш, сувчиларнинг малакасини ошириш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузиридаги мелиоратив экспедицияси лабораторияларини янги ускуналар билан таъминлаш каби йўналишларга грант лойиҳаларини йўналтириб ҳамкорликда ишлаш юзасидан таклиф мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Ўз навбатида меҳмонлар ҳам ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини, бугунги учрашувда муҳокама этилган фикрларни келгуси лойиҳаларни амалга оширишда таклиф сифатида киритилишини билдириб ўтдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати