Шуманай тумани ҳокимлиги фаоллар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғиндаги сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини сув истеъмолчиларига тушунтириш юзасидан навбатдаги ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Туман ҳокими Б.Янгибаев, сув хўжалиги мутахассислари, сектор ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари раҳбарлари иштирок этган семинарда мазкур қарор билан сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этиш белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Агробанк”, Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида “Сувчилар мактаби” лойиҳаси бошлангани айни вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун убшу лойиҳанинг 2-босқичига старт берилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда сув тежайдиган технологиялар, хусусан, томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб, пульсар суғориш тизимларини кенг жорий этиш ҳамда ушуб технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш назарда тутилгани бўйича ахборотлар берилди.
Семинар доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига «suvkredit.uz» платформаси орқали аризалар тўлдиришга кўмаклашилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати