Қўнғирот тумани: “Таллиқ” каналининг реконструкция ишлари ўрганилди

       Қўнғирот ва Муйноқ туманларини сув билан таъминловчи  “Таллиқ” канали 1976 йилда фойдаланишга топширилган.  Каналнинг умумий узунлиги 106,1 километрни, лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти  секундига 30,0 метр кубни ташкил этади. “Таллиқ” канали “Суенли” туманлараро каналининг 960-пикетида жойлашган “Жинишке” сув тақсимловчи иншоотидан сув олиб, жами 4 минг гектардан ортиқ экин майдонлар ва Муйноқ туманини ичимлик сув билан таъминловчи ҳовузларни сув билан таъминлашга хизмат қилади.

       Сўнгги пайтларда “Таллиқ” каналининг тубини лойқа босиб, қирғоқларининг айрим жойлари емирилгани ва кичирайиши натижасида сув ўтказиш қобилияти секундига 12-15 метр кубга пасайиб қолган эди..  Шу сабабли Қўнғирот ва Мўйноқ туманларига ажратиладиган сув миқдорларини етказиб беришда бир қатор муаммолар юзага келаётган эди.

       Ҳозирги кунда Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида “Таллиқ” каналида реконструкция (1-босқич ) ишлари амалга оширилмоқда. 

       Бугун Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида тегишли масъуллар томонидан “Таллиқ” каналини реконструкция қилиш ишлари ўрганилди.

       Тадбир давомида «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасасининг Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими етакчи мутахассис О.Камалов томонидан пудратчи ташкилот “Кунградмахсуспудрат”  МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига тегишли топшириқлар берилди.

       Маълумот учун: 2024 йил давомида “Таллиқ” каналининг 38,0 километр қисмида реконструкция  қилиш ишлари белгиланиб, бугунги кунда 28,3 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилди. Объектда жами 15 та махсус техникалар ҳамда 25 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати