Амударёда дарёсида сув тўлиб оққан даврларда Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларининг катта майдонларида шоли етиштирилгани боис, каналлар ҳам кўп миқдордаги сувларни ўтказишга мўлжаллаб қурилган. 1947 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган Қораўзак туманидаги “Есмузак” канали ҳам лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти секундига 40,0 метр кубни ташкил этган.

Мазкур канал “Қуаныш жарма” магистрал каналининг 350-пикетида жойлашган бош гидротехник иншоотидан сув олиб, туманнинг “А.Досназаров”, “А.С.Камалов”, “Бердах”, “Есимузак” ва “Қораўзак” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги жами 19 минг гектардан ортиқроқ фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларига сув етказиб келган.
“Есимўзак” каналида кўп йиллар мобайнида реконструкция ишлари олиб борилмаганлиги, сув танқислиги йилларида каналниниг ўзани ва қирғоқлари 1,5-2 метргача кўмилган ва дамбалари емирилиши натижасида сув ўтказиш қобилияти секундига 25 метр кубга пасайган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Қораўзак туманидаги “Есимўзак” каналинининг бош қисмидан 167-пикетигача бўлган оралиқда реконструкция (1-босқич) қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси масъуллари томонидан сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларининг бориши муҳокама этилди ва Қораўзак туманидаги “Есимўзак” каналини реконструкция қилиш ишлари ўрганилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур каналда реконструкция ишлари амалга оширилганидан сўнг, каналнинг фойдали иш коэффиценти 0,84 га етказилиб, фермер хўжаликлари ва бошқа ер эгаларининг майдонларини суғоришдаги муаммолар бартараф қилинади. Фойдаланишдан чиқиб кетган минг гектардан ортиқроқ майдон қайта фойдаланишга киритилади.

Ўрганиш давомида «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси масъуллари томонидан пудратчи ташкилот “Ворис Чина” МЧЖ қўшма корхонаси маъсули ва ишчи ходимларига канални реконструкция қилиш борасида тегишли топшириқлар берилди. Хусусан, техника ва ишчи ходимларни етарли миқдорда жалб қилиш вазифаси берилди. Айни вақтда объектда жами 14 дона махсус техникалар ҳамда 20 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.
“Есимўзак” каналини реконструкция қилиш лойиҳаси йилдан-йилга ўтувчи объект ҳисобланиб, 2024 йилда 10,9 километр қисмида реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Бугунги кунда объектнинг 7,95 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилган.
Бу жараёнда канал дамбаларининг емирилган, яъни сув ёйилиб оқадиган қисмларида қирғоқлари қайта тикланмоқда. Албатта, канални реконструкция қилишда бу жиҳатлар ҳам ҳисобга олинган. Амалга оширилаётган тадбирлар каналнинг лойиҳага мос қазилиши билан бирга сувнинг филтирланиш ва порланиш ҳисобига йўқотишларини камайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати