«Ташаббусли бюджет»да Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежи ғолиб бўлди

     Куни кеча мамлакатимизда Ўзбекистонда «Ташаббусли буджет» лойиҳасининг 2024 йил биринчи мавсуми ғолиблари расман эълон қилинди. Бу галги ғолиблар рўйхатида Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежи жамоасининг илгари сурган лойиҳаси ҳам бор.

     -Таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш йўналишининг “Жиҳозлаш”лойиҳасида ўз ташаббусимиз билан иштирок қилдик,  – дейди Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежи директори Адилбек Худиков. –Лойиҳада коллежимизнинг 1 ўқув биносидаги 2 та хонани замоновий стандартларга жавоб берадиган компьютер жамланмаси, телевизор, ноутбук, камера, спикерфон, микрофон, колонка ва бошқа зарур техникалар билан таъминлаш назарда тутилган. Шунингдек, ўқувчиларга «ВС» тоифали автомобилларни бошқаришни ўргатувчи автодромни жиҳозлаш, спорт залимизни зарур инвентарлар билан жиҳозлаш режалаштирилган.

     Жамоамизнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақолпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбариятига ҳамда бевосита овоз бериш жараёнларида бизни қўллаган тизим ташкилотларидаги сувчиларга, шунингдек, ушбу лойиҳада ғолиб бўлишимизга ҳисса қўшган туманимиз аҳлига коллежимиз жамоаси номидан миннатдорлик билдирамиз.

     Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежи жамоасини «Ташаббусли буджет»да 1 360 000 000 миллион сўмлик лойиҳанинг ғолиби бўлгани билан табриклаймиз.

     Қорақалпоғистонда сувчиларни етиштириб чиқарадиган яна бир коллеж бор. Ишонамизки, «Ташаббусли буджет»нинг кейинги мавсумларида Кегейли сув хўжалиги ва мелиорация коллежи жамоаси ҳам таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўналишида ўз ташаббусларини илгари сурадилар.

     Негаки, бугун сув хўжалигида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, ёш кадрлар замон талабига мос билим олишлари зарур бўлаётир. Бунинг учун эса, коллежлар замонавий жиҳозлар билан таъминланса, нур устига аъло нур бўларди.

     Ишонамизки, кейинги  мавсумдаги «Ташаббусли буджет» лойиҳаларида ҳам сувчилар оғзибирчилик, ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатади.

  Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати