Нукус тумани: ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИЛАЁТГАН ДАЛАЛАРГА МЕДИА-ТУР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

    Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган Медиа-тадбирлар режасига мувофиқ,  “Ғалла майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш” мавзусида Нукус туманига медиа-тур ташкил этилди.

    Марказий ва маҳалий оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат гуруҳ сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамроҳлигида Нукус туманидаги ғалла майдонларига жорий этилган ёмғирлатиб суғориш технологияларини бориб кўришди.

    Журналистлар Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига қарашли Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг дала майдони ва  “Нукус агро” масъулияти чекланган жамияти томонининг ғалла майдонларига жорий қилинган ёмғирлатиб суғориш технологияси билан яқиндан танишдилар.  

    Оммавий ахборот воситалари вакилларига Қорақалпоғистонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот бериш мақсадида дала шароитида матбуот анжумани ўтказилди.

    Тадбир давомида Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси директори Дуйсенбай Утамбетов, “Нукус агро” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустем Жанабергеновлар журналистларга мазкур сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бирга ҳосилдорликни оширишдаги муҳим жиҳатлари ҳақида кенг турда маълумотлар берди.

Шунингдек,  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Абу Қидирбаев, Нукус тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Усенбай  Оразимбетов, “Қаттагар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармаси Даўлет Усаковлар сув тежовчи технологияларни  жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар беришди.

    Таъкидланганидек,  медиа-тадбир ташкил қилинган Нукус туманининг ўзида жорий мавсумда 100 гектар ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда 47 минг 150 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган. Жумладан, 4 минг 150 гектар майдонда томчилатиб, 1900 гектар майдонда ёмғирлатиб,  700 гектар майдонда дискрет суғориш, 8400 гектарда эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш, 1500 гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш ишларини олиб бориш вазифа қилиб олинган. Шунингдек, 30 минг 500 гектар майдонда ерларни лазерли текислагичлар ёрдамида текислаш ишлари режалаштирилди.

    Бугунги кунда suvkredit.uz дастурига ҳужжатларни киритиш бўйича аризалар тайёрланиб, шундан 4780 гектар учун 328 та фермер хўжалигининг аризалари платформага қабул қилинди.

    Ирригация муҳандислари томонидан 189 та фермернинг 3462  гектар майдони ўрганиб чиқилиб, ижобий хулоса берилди. Шунингдек, 10 таси ўрганиш жараёнида ва 9 та фермер хўжалигининг 81 гектар майдонига салбий хулоса берилган. Барча туманларда аризаларни кўриб чиқиш, қарздорликларини сўндириш ва платформага киритиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

    Ҳозиргача suvkredit.uz дастури орқали 118 та талабгорнинг 1991 гектар майдони учун 22 млрд 782млн сўмлик кредит молиялаштирилди ва 2 та талабгорнинг 25 гектар майдони учун 445млн сўм ўз маблағидан молиялаштирилди. Айни вақтгача 56 та фермер хўжалигининг 933 гектар майдонида қурилиш ишлари бошланиб, 24 та фермер хўжалигининг 309 гектар майдонида қурилиш ишлари якунланди.

    Қорақалпоғистон шароитида сувдан самарали фойдаланишда энг самарали усуллардан бири бу – дала майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш ҳисобланади. Бу борада ҳам кўламли ишлар амалга оширилиб, ҳозирги кунга қадар 18 минг 507 гектар пахта экиладиган майдонлар лазерли текислагичлар ёрдамида текислаш ишлари олиб борилган.

    Шунингдек, медиа-тур иштирокчилари “Каттагар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармаси жамоаси томонидан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Тадбирда қатнашган журналистлар ҳам канал бўйига кўчат экиш тадбирида иштирок этдилар.

    Медиа-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати