Спорт — саломатлик гарови, – деган иборани барчамиз кўп эшитамиз. Лекин, соғлом ҳаёт учун спорт билан кундалик шуғулланаётганлар, ёки жамоавий турда оммавий спорт турлари билан барча идора-ташкилотлар ҳам мунтазам шуғулланаётгани камдек назаримизда.

Масалан, сувчиларга спорт булан шуғулланишга вақт йўқлигини, каналлардаги сув шанба-якшанба куни ҳам оқишига ишора қилиб, дам олиш куни, фурсати бўлсагина спорт билан шуғулланиш мумкинлигини айтадиганлар ҳам топилади.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса бу борада барча идора ташкилотларда иш вақтидан сўнг танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари ўташ учун ҳуқуқий асосларни яратиб берди.
Юқорида келтирилган фармон ижросини таъминлаш, сув хўжалиги ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг 9 апрелида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 65-сонли буйруғи билан вазирлик аппаратида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юкланди ҳамда бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгиланди.

-Гап саломатлик ҳақида кетар экан вақт йўқлиги спорт билан шуғулланмасликка асос бўлмаслиги керак, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг «Спорт тарғиботчиси» Улугбек Утарбаев. – Қолаверса, бу масаладаги вазифалар Давлатимиз раҳбарининг фармонидан тортиб вазирликнинг идоравий ҳужжатларида акс этаётган экан, уларнинг ижросини таъминлаш биринчи галда вазифамиз бўлмоғи лозим. Фармонда ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари жумладан, югуриш, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар спорт турлари билан шуғулланишларини таъминлаш белгиланган.
Мазкур вазифалар Қорақалпоғистондаги барча сув хўжалиги тизим ташкилотларига етказилди ва айни кунларда улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш бошланди.
Бизга маълумот берилишича, ўтган ҳафта дам олиш куни Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси ва Беруний туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси ходимларининг асосан ёшлардан ташкил толпган иккита жамоаси ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтибди.
Қизғин ва муросасиз курашларга бой ўтган баҳсда Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси жамоаси 5-3 ҳисобида ғалаба қозонган.
Сувчилар орасида шу каби спорт мусобақаларини ташкил қилиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҳудудий ташкилотлар бу каби тадбирларни ташкилий ишларига янада эътиборли бўлсалар янада мақсадга мувофиқ бўларди.

Беруний туманида (бошқа ҳеч бир туманда 3 та сув хўжалиги ташкилоти йўқ) юқорида келтирилган ташкилотлардан ташқари Қирғоқ ҳимояловчи дамбалар ва ўзан ростловчи иншоотлар бошқармаси ҳам бор бўлиб, ушбу ташкилотда ҳам 120 нафар ходим ишлаши ҳақида маълумот бор. Демоқчимизки, спорт мусобақасида 3 та жамоа иштирок қилганида ёки бўлмаса ташкилотларнинг касаба уюшмалари томонидан ғолиб жамоага эсдалик совғалар ташкил қилинганида сувчилар орасида соғлом турмуш тарзини янада кенгроқ тарғиб қилган бўлар эдик.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Фармонида белгиланган вазифалар амалий тадбирларда намоён бўлмоғи лозим. Ўйлаймизки, келгусида сувчиларимиз орасида ўтказиладиган спорт мусобақалари шунчаки суратга тушиш учун эмас, ҳақиқатан кенг миқёсда тарғиб қила оладиган даражада ташкил қилинади. Негаки, ўтказилаётган бу каби тадбирлар веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда ёритилиши натижасида сув хўжалиги вазирлигининг имижини кўтариши ёки аксинча бўлиши ҳам мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.
Маълумот учун: Фармонга кўра, ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этиш, бунда, мусобақалар байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратиш белгиланган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби