Сув – азиз неъмат. Инсоният, ўсимликлар, жамики мавжудотлар тириклиги сув билан.
Иқлим ўзгариши, саноатнинг ривожланиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва бошқа омиллар дунё мамлакатларида сув ресурслари захирасига ўз таъсирини кўрсатиб, оби ҳаётга талаб ўсиб бормоқда.
Мамлакатимизда сўнгги етти йил ичида сув хўжалиги соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилиб, соҳани ривожлантириш Концепцияси ва стратегиялар тасдиқланди.
Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ҳамда сув хўжалигининг ўрта ва юқори бўғинларидаги тизимли муаммоларни ҳал қилиш мақсадида мамлакатимиз Президентининг “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Шу пайтга қадар мамлакатимизда Ягона сув кадастрини мувофиқлаштирувчи орган Ўзгидромет эди.
Давлат сув кадастрини юритишда Сув хўжалиги вазирлиги – сувдан фойдаланиш бўйича, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги – ер ости сувлари бўйича, Гидрометеорология хизмати агентлиги – ер усти сувлари бўйича масъул ҳисобланарди. Фармон билан Сув хўжалиги вазирлиги барча манбалар бўйича ягона сув балансини юритувчи ҳамда Давлат сув кадастрини ташкил этиш ва юритишга оид ишларни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
Ер ости сувларидан тартибсиз фойдаланиш натижасида 24 та туманда, жами 473 минг гектар майдонда сув сатҳи пасайиб кетган. Хусусан, Жиззах вилоятида биргина 2023 йилда 18,9 млн куб метр ер ости сувидан фойдаланишга рухсат берилган бўлсада, амалда 196,4 млн куб метр ёки 10 баробарга кўп сув олинган. Натижада, Янгиобод туманида ер ости сувлари 19 метргача, Фориш туманида 3 метргача тушиб кетган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан 54 мингта қудуқнинг сони ва қуввати бўйича ҳисобот юритиб келинади, бунда олинган сув ҳажми инобатга олинмайди.541 минг гектар томорқаларга етказиладиган 3,9 млрд куб метр сув ҳисоби эса маҳаллалар билан тузилган шартномалар асосида юритилади. Эндиликда сувга доир маълумотларни тақдим этиш, аҳоли томорқаларида сув ҳисобини йўлга қўйиш, умумлаштириш ва сув балансини юритиш тартиби ишлаб чиқилади.
Фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, Сув хўжалиги вазирлигининг фаолияти уч бўғинга ажратилиб, вертикал бошқарув тизими ташкил қилинади. Бунда:
юқори бўғин – давлат сув сиёсатини юритиш, регулятор;
ўрта бўғин – сув объектларини эксплуатация қилиш, қуриш
ҳамда соҳага бизнес жараёнларини олиб кириш;
қуйи бўғин – бевосита истеъмолчиларга сувни етказиб бериш
билан шуғулланади.
Ўрта бўғинда мустақил юридик шахс сифатида:
Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги ташкил қилинади. Эксплуатация агентлиги таркибига ҳавза бошқармалари, магистрал каналлар, сув омборлари ва насос станцияларидан фойдаланиш бошқармалари ҳамда мелиоратив экспедициялар киритилади.
Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга оширишдепартаментиташкил қилинади. Ушбу департамент бюджет ва хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларда буюртмачи сифатида иштирок этади.
Марказий диспетчерлик, коммуникация ва кадастр хизмати негизида Марказий диспетчерлик ва ва сув баланси хизмати;
Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази негизида Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази негизида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти тасарруфидаги Хоразм сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинади.
Вазирлик тизимида ўртача ойлик иш ҳақи 2,6 млн сўмни ташкил этади. Республика бўйича барча соҳалар кесимида ўртача ойлик 4,6 млн сўм эканини ҳисобга оладиган бўлсак, қарийб икки баробар кам. Фармонга биноан, ўртава юқори бўғинходимларининг ойлиги оширилади. Хусусан, вазирлик тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш ҳақи жорий ҳолатга нисбатан 2024 йилиюлдан бошлаб22 фоизга, 2025 йилдан бошлаб 60 фоизга оширилади.
2024 йилнинг иккинчи ярми учун талаб этиладиган қўшимча 132,7 млрд сўмнинг 82,7 млрд сўми электр энергияси иқтисоди ҳамда 50 млрд сўми техник сув хизматидан ундириладиган тўловлар ҳисобига қопланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, жорий йил январдан қуйи бўғин ходимларининг ойлиги 2 баробарга оширилган бўлиб, уларга қатор рағбатлантириш механизмлари жорий қилинган.
Вазирликнингривожлантириш жамғармасидаромадлариниошириш чоралари кўрилади. Сув хўжалигида 4 та йирик лойиҳа институтлари мавжуд бўлиб, шундан 2 таси – “Гидропроект” ва “Ўзсувлойиҳа” АЖлар “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфига ўтган ҳамда доимий иш ҳажмлари билан таъминланган.
Қолган 2 таси – “ЎзГИП” МЧЖ ва “Сувлойиҳа” МЧЖ қониқарсиз аҳволда.
Соҳавий лойиҳа институтларини жонлантириш мақсадида“ЎзГИП” МЧЖ ва “Сувлойиҳа” МЧЖдавлат улушининг бошқарув функцияси вазирликка ўтказилади.
Бунда, соҳадаги йирик ва стратегик лойиҳаларнинг ҳужжатлари
давлат бюджети ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига камида бир йил олдин ишлаб чиқилишига имконият яратилади.
Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан сув ресурсларини бошқариш борасидаги фаолиятига учинчи шахслар, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашуви тақиқланади.
Соҳада ислоҳотларни изчил амалга ошириш бўйича 22табанддан иборат “йўл харитаси” тасдиқланди.
Амалда сув олишда табиий манбалардан – Экология вазирлиги, сунъий манбалардан – Сув хўжалиги вазирлиги махсус рухсатнома беради, бунда сув олиш рухсатномаси, лимит ва шартнома расмийлаштирилади. Эндиликда сувдан фойдаланишга рухсат бериш тизимини соддалаштириш чоралари кўрилади.
Сув қонунчилиги устидан назорат тизими кучайтирилади. Сувхўжаликназорат инспекциясига барча сув манбаларини назорат қилиш ваколатини бериш ҳамда махсус кийим-бош жорий этиш, жамоатчилик назоратини рағбатлантириш ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилади.
Трансчегаравий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари ҳамда “Марказий Осиё давлатлараросув хўжалиги комиссияси” илмий маркази фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган.
Булардан ташқари, соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, илм ва амалиётнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш,кадрлар салоҳиятини оширишҳам доимий эътиборда бўлади.
Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат сув хўжалиги соҳасида замонавий бошқарувни жорий қилиш, ходимлар маошини ошириш, сув ҳисобини йўлга қўйиш, умумлаштириш ва сув балансини юритиш, истеъмолчилар учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Шуҳрат Суюнов,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи