Қонликўл тумани: ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИШ – СУВНИ ТЕЖАЙДИ, ҲОСИЛДОРЛИКНИ ОШИРАДИ

Қонликўл туманидаги “Шахноз Асел” фермер хўжалиги даласида  сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, бу борада жорий қилинаётган янгиликларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига тушунтириш юзасидан семинар ўтказилди.

       Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси А.Қидирбаев, Қанликўл тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалари бўйича ўринбосари Н.Абдуллаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини сув истеъмолчиларига батафсил тушунтирдилар.

     Таъкидланганидек, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Юқорида келтирилган қарорга мувофиқ, онлайн кредит ажратиш имконини берувчи “Suvkredit.uz” электрон тизими ишлаб чиқилди ва унда барча босқичларни онлайн кузатиб бориш имкони яратилган. “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими бўйича ҳам сув истеъмолчиларига атрофлича маълумотлар берилди.

   Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан, истисно тариқасида, 2024 йилда пахта хом ашёсини етиштирувчилар томонидан дискрет суғориш тизимларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳам ажратилишига рухсат берилгани таъкидлаб ўтилди.

    Семинар иштирокчилари ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинган дала майдонларида ҳам бўлдилар. Фермернинг таъкидлашича, ёмғирлатиб суғориш натижасида сувни тежаш билан бирга ҳосилдорлик ҳам ошмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати