Беруний тумани: Коллектор реконструкцияси доирасида “Дайвер” ускуналари ҳам ўрнатилмоқда

     Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан  тасдиқланган режа графикда ҳафтанинг ҳар бир кунида сув хўжалигидаги устувор йўналишлар ижроси юзасидан ҳудудлардаги ишларни масъуллар иштирокида муҳокама этиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ҳар ҳафта чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларининг бориши ўрганилиб, ишларни жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланиб келинмоқда.

     Бугун, яъни 5 июнь куни  «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари томонидан Беруний туманидаги “Махтумқули-1” хўжаликлараро коллекторининг реконструкция ишлари ўрганилди.

     -Мазкур коллекторнинг кейинги йилларда ён қияликлари ўпирилиб, сув ўтказиши, ҳар хил сув ўтларининг ўсиши натижасида коллекторнинг сизот сувларни чиқариб юбориш имконияти пасайган ва ҳудуддаги экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига сабаб бўлаётган эди, – дейди  «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси етакчи мутахассиси Б.Муратбаев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги 404-сон қарорида Беруний туманидаги “Махтумқули-1” хўжаликлараро коллекторининг ПК00+00 дан ПК178+00 гача қисмини реконструкция қилиш белгиланган. Шу йилнинг февраль ойида  тегишли тартибда тендир савдолари ўтказилиб, унда ғолиб чиққан “Бунёдкор Жанубий СҚБ” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Махтумқули-1” хўжаликлараро коллекторини реконструкция ишлари бошланди. Эътиборлиси, коллектор реконструкцияси доирасида ҳудуддаги ер ости сизот сувларини назорат қилувчи кузатув қудуқларига “Дайвер” ускуналари ҳам ўрнатилмоқда.

     Бугунги ўрганиш давомида мазкур коллекторнинг қарорда белгиланган 17,8 километр қисмининг бугунги кунгача 12,0 километр қисмида реконструкция ишлари бажарилгани маълум бўлди.  Тадбир давомида пудратчи ташкилот “Бунёдкор Жанубий СҚБ” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига рекнструкция ишларини белгиланган муддатларда сифатли бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.

     Маълумот учун, мазкур коллектрни рекнструкция қилиш доирасида ер ости сизот сувларини назорат қилиш имконини берувчи 33 дона назорат қудуқларида таъмирлаш ишлари олиб борилиб,  “Дайвер” ускунасини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда объектда жами 13 дона махсус техникалар ҳамда 18 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати