Тўткўл тумани: “Сув тежовчи: янги технология самараси” мавзусида медиа-тур ташкил этилди

   Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Медиа-тадбирлар режасига мувофиқ,  “Сув тежовчи: янги  технология самараси” мавзусида Тўрткўл туманига медиа-тур ташкил этилди.

       Тадбир доирасида тумандаги “Қўшназар пахтакор” фермер хўжалиги даласида  фермер хўжаликлари раҳбарлари, сув тежовчи технологияларни қурувчи ташкилотлар вакиллари, шу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган олимлар иштирокида кўргазмали амалий-семинар ўтказилди.

   Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Тўрткўл туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ж.Худайбергенов, олимлар ва қурилиш такилоти вакиллари минтақамизда сувдан самарали фойдаланиш, тежамкор технологияларни жорий қилишнинг долзарблиги ҳамда бу борада Ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтдилар.

    Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда шунга оид олдин қабул қилинган қарор ва дастурлар асосида республикамизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

   Жумладан, биргина Тўрткўл туманида 2021-2023 йиллар мобайнида 63 та фермер хўжалигининг 2061 гектар майдонига томчилатиб, 29 та фермер хўжалиги 320 гектарига ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинди.

   2024 йилнинг ўтган даврида тумандаги 12 та фермер хўжаликларининг 156 гектар экин майдонларига 2 млрд 742 млн сўмлик ёмғирлатиб суғориш технологиялари, 31 та фермер хўжаликларининг 566 гектар экин майдонларига 7 млрд 6 млн сўмлик томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди. Шунингдек, 2024 гектар ер майдонда лазер текислаш ишлари олиб борилди.

    Семинарда “Қўшназар-пахтакор” фермер хўжалиги раҳбари Махсуд Исмаилов, «Омад старт» МЧЖнинг Қорақалпоғистондаги масъул вакили Эгамберди Абдуллаев сўзга чиқиб, сув тежовчи технологияларни жорий этишда давлат томонидан ажратиладиган субсидия, қурувчи ташкилот томонидан берилган таклифлар юзасидан фермерларга маълумот беришди.

    Тадбир иштирокчилари дала бошида сув тежовчи технологиялар, қуёш панелларини жорий қилиш бўйича қурувчи ташкилотларнинг кўргазмалари ва уларни қуриш бўйича таклифлари билан яқиндан танишдилар.

     Оммавий ахборот воситалари вакиллари медиа-тур давомида “Қўшназар-пахтакор” фермер хўжалигининг пахта майдонидаги  Хитой  технологияси  бўйича инновация  усулида   жорий қилинган томчилатиб суғориш технологияси, ҳудудда сув йўқотишларни камайтириш мақсадида бетонланган ички ариқлар ҳамда уларда сувнинг ҳисобини юритиш борасида гидрометрларнинг амалий машғулотлари билан ҳам танишдилар. 

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, фермер ва қурувчи ташкилот масъуллари сув тежовчи технологиянинг самарадорлиги юзасидан марказий ва маҳаллий телеканаллар ҳамда матбуот нашри вакилларига интервьлар беришди. 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати