
Шу кунларда қорақалпоғистонлик сувчилар учун “Сувдан фойдаланиш режасини тузиш бўйича махсус дастурий таъминотдан фойдаланиб, сувдан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш” мавзусида ўқув-тренинг курслари бўлиб ўтмоқда. Онлайн (вебинар) тарзда ўтказилаётган тадбир Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг 2 – босқичи доирасида ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги ирригация тизими бошқармалари, туман ирригация бўлимларидан жами 44 нафар ходим иштирок этмоқда.

– Вебинар давомида замонавий янги технологиялар ва дастурларни сув хўжалиги соҳасида қўллашни ўрганяпмиз, – дейди Чимбой тумани ирригация бўлими гидрометри Е.Мамбетназаров. – Жумладан, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни жорий қилиш, сувдан фойдаланиш режасини тузиш буйича дастурий таъминотни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш, гидромодул районлаштириш, суғориш сувларига лимит белгилаш тартиби ва меъёрлари ҳамда ажратилган лимитга асосан сувдан фойдаланиш режасини таҳрирлаш каби усулларни ўзлаштиряпмиз.
Ўқув курсининг асосий мақсади ҳам ҳудудлардаги сувчиларнинг сувдан фойдаланиш режасини тузиш учун ихчам – мухтор дастурий таъминотни жорий қилиш бўйича уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашишдан иборат.
Тасдиқланган жадвалга кўра, қорқалпоғистонлик сувчилар гуруҳларга бўлиниб, 2020 йил 13 сентябрдан 26 сентябргача, яъни икки ҳафта давомида ўқув курсларида иштирок этиши белгиланган.
| Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати |