“Алимбет” насос станциясида келгуси вазифалар белгилаб олинди

    Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан Чимбой туманида жойлашган “Алимбет” насос станциясида электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш, насос станциялар агрегатларини таъмирлаш бўйича мавсумда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

    Кўргазмали тарзда ўтказилган тадбир давомида Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Н.Аралбаев энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга оид тегишли қарор ва дастурлар ижросини таъминлаш, ҳамда ҳар ҳафтанинг жума куни ҳудудлардаги насос станцияларида электр энергиясини иқтисод қилиш, замонавий энерго тежамкор қурилмаларни ўрнатиш   ва насос станциялар агрегатларини сифатли таъмирлаш каби масалалар муҳокама этилиб бажариладиган вазифалар белгилаб олинаётганини таъкидлаб ўтди.

    Бошқарманинг Энергетика бўлими бошлиғи К.Алиев кун тартибидаги масала бўйича Чимбой туманида ҳозирги кунгача 8 дона янги насос, 15 дона электродвигатель, 14 дона конденсатор ўрнатилганлиги ҳисобидан йилига ўртача 237,518 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилганлиги ҳақида ахборот берди.

    Шунингдек, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг бўлим бошлиғи С.Утемуратов насос станцияларда куз-қиш мавсумида режалаштирилган таъмирлаш-тиклаш ишларини сифатли бажариш, насос агрегатларини соз ҳолатда сақлаш бўйича тушунчалар берди.

    Шунингдек, насос станцияси атрофида ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилиш ишлари ўрганилди. Бу борада «Чимбой-Бўзотов» бўлими бошлиғи Ш.Атабаевга насос станцияси яқинидаги майдонда сабзавот, картошка, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва насосчи ходимларни мунтазам қўшимча равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ишларини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси 

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати