Бугун Чимбой туманида сув хўжалиги масъуллари ҳамда ҳудуддаги сувчилар, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида сув тежовчи технологияларини жорий этиш, сув миқдорларини ўлчаш ва бу борада белгиланган вазифаларни тушунтириш бўйича амалий машғулот ва кўргазмали семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Р.Айтжанов, бош мутахассис А.Қидирбаев ҳамда Чимбой тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори А.Қадирбаев иштирок этиб, семинар кун тартибидаги масалалар юзасидан белгиланган вазифаларни тушунтирди.
Амалий машғулот пайтида “Майжап” хўжаликлараро каналининг 362-пикетидаги гидропостда гидрометрлар томонидан сув тезлигини ўлчайдиган электромагнитли “MGG/KL-DCB” типидаги вертушкада сув сарфини ўлчаш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Шунингдек, мутахассислар сув ҳисоб-китобини олиб боришда ҳужжатларни юритиш тартиби ва қайси ҳолатларда солиқ ставкасининг камайтирувчи солиқ коэффициенти қўлланилиши бўйича маълумотлар берилди.
Тадбир иштирокчилари тумандаги “Ёшлар боғи”да жорий этилган сув тежовчи технологиялар ҳамда ғалла экиладиган майдонларда шўр ювилаётган майдонларни кўздан кечириб, сувни ўлчаш ва унинг ҳисобини чиқариш бўйича амалий машғулотлар олиб бордилар.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати