Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтининг профессор олимлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев Қорақалпоғистонда суғориш тизими ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди ҳамда мазкур йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилиши лозим бўлган масалалар, шунингдек, сув хўжалиги ташкилотларини мутахассислар билан таъминлаш масалалари юзасидан ўзаро фирк алмашилди.


Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ўртасида ҳамкорлик Меморандум имзоланди.

-Барча соҳалар каби сув хўжалигига ҳам замонавий бошқарув тизими, янгича суғориш усуллари кириб келмоқда ва биз Меморандумда олдиндан ишлаётган кадрларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш курсларини ташкил этишни ҳам назарда тутмоқдамиз, – дейди «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ректори, профессор Шавкат Имомов. Мана бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири билан сув хўжалиги соҳасида ва ишлаб чиқариш жараёнида юзага келаётган муаммоларни илмий асосланган ҳолда ечимини топиш, бу борада қорақалпоғистонлик олимлар билан биргаликда конференциялар, семинарлар, ўқув-тренинг машғулотлар ўтказишга келишиб олдик. Ўйламизки, бугун имзоланган ҳамкорлик Меморандуми олдимизга қўйган катта мақсадларимизнинг дастлабки қадами бўлади.

Тўққиз моддадан иборат бўлган Меморандумда сув хўжалиги соҳасидаги етук кадрларни тайёрлаш ва қайта
тайёрлаш ҳамда малака ошириш, ўқувчиларни сифатли билим олиш мақсадида назарий билимларини эксплуатация шароитида амалиёт билан боғлаш, сув хўжалиги соҳасида ва ишлаб чиқариш жараёнида юзага келаётган муаммоларни илмий асосланган ҳолда ечимини топиш, Дуал таълимни йўлга қўйиш каби устувор йўналишларда ҳамкорликда ишлаш назарда тутилган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби