
Президентимиз 2020 йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ер ва сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, бунда ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берган эдилар. Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг кейинги уч йилда амалга оширадиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга киришилди. Мазкур дастурдан сувнинг ҳисоб-китобини онлайн режимда юритиш ва уни бошқаришни автоматлаштиришни йўлга қўйиш учун 2021-2023 йилларда Қорақалпоғистондаги 1302 та сув хўжалиги иншоотларида “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш, 12 та йирик гидротехник иншоотлар бошқарувини автоматлаштириш, 273 та насос станцияларида электр энергия сарфини онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш ҳамда 364 та мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари сатҳи кўрсатгичларини онлайн назорат қилиш имконини берувчи “Diver” қурилмаларини ўрнатиш каби вазифалар ўрин олган.

Гидротехник иншоотларга рақамли технологиялар асосида замонавий қурилмалар ўрнатилгач, ҳудудлардаги сув хўжалиги ходимлари ҳам мазкур тизимни билишлари, янги технологиялардан самарали фойдалана олишлари зарур, албатта.
Бугун Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиалида сув хўжалиги мутахассислари учун сув ресурсларини бошқариш жараёнларига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича малака ошириш ўқув курслари бошланди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотларидан 200 нафарга яқин тингловчи иштирок этмоқда. Малака ошириш курси 9 октябрга қадар давом этади. Ўқув якунида тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.
|
Ғ.Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |