Тўрткўл тумани: ШЎР ЮВИШГА ЕР ТАЙЁРЛАШ кечиктириб бўлмайдиган тадбирдир

   Тўрткўл туманидаги “Қўшназар пахтакор” фермер хўжалиги дала майдонида шўр ювишга ер тайёрлаш ва ушбу агротехник тадбирни амалга оширишда аҳамият қаратиш лозим бўлган масалалар бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

    Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, туман ҳокими ўринбосарлари, тумандаги соҳага алоқадор ташкилотлар ҳамда  фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев шўр ювишга ер тайёрлаш ва мавсумий ишларни ўз вақтида якунлаш бўйича  соҳа масъулларига зарур топшириқлар берди.

    Шунингдек, тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Уразимбетов ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Курбанбаев ҳам иштирок этиб, шўр ювиш борасида сувчилар ва фермер хўжаликлари олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтишди.  

   Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан Оролбўйи минтақасида деҳқончилик қилиш учун шўр ювиш – қишлоқ хўжалигидаги мавсумий муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Шу боис жойларда мазкур тадбирни сифатли ўтказиш учун шўр ювишга ер тайёрлаш бугунги куннинг энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган тадбиридир.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати