Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ҳудудларда Президентимиз фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Маълумки, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ижроси юзасидан маҳаллаларга республика даражасидаги масъуллар бириктирилган. Ушбу масъуллар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда бўлиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришмоқда.
Кегейли туманидаги 4 та маҳаллага масъул қилиб бириктирилган Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бугун Кегейли тумани ҳокими А.Камалов ҳамда маҳалла раислари билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдагиги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Кегейли туманида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар муҳокама этилди.

Туман ҳокими А.Камалов ҳудудларга сув етказиш орқали кўплаб аҳолининг бандлигини таъминлаш, томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва даромадларини ошириш имкониятлари юқорилигини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида Сув хўжалиги вазири Шавкат Рахимович Кегейли туманидаги оғир ҳудудларга сув етказиш борасида ўзи раҳбарлигидаги сувчилар жамоаси томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, аҳоли орасида камбағалликни қисқартириш ва турмуш фаровонлигини ошириш бўйича Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришини таъкидлаб ўтди.

Сув хўжалиги вазири “Кегейли” магистрал каналини лойқадан тозалаш, ҳудудда ички каналларни бетонлаш ишлари билан ҳам танишди. Шунингдек, Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилоти раҳбарлари билан соҳада амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилиб, келгуси режалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати