Қорақалпоғистон: Насос агрегатларига қуёш панеллари ўрнатилмоқда

    Нукус туманидаги Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли «Каттагар-котлаван» насос станцияда эски агрегатлар ўрнига замонавий энергия тежамкор насос агрегатларини ўрнатиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

    Тадбирда тумандаги фермерлар, қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.

    Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев, Жўқорғи Кенгеснинг аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари М.Абдиров, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ҳамда Нукус тумани ҳокими З.Зайтов сўзга чиқиб, бугунги кунда дала майдонларида шўр ювишга сифатли ер тайёрлаш ва тадбирини уюшқоқлик билан ташкил этиш, сув тармоқларини тозалаш борасидаги муҳим вазифаларга тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили”, -деб эълон қилингани бу борада сув хўжалиги соҳасида насос агрегатларини энергия тежашга ўтказиш борасидаги ишларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Тадбирда насос агрегатларининг энергия тежамкорлиги юзасидан мутахассислар атрофлича маълумот беришди.

    -Бошқармамиз ҳисобидаги ушбу насос станциясига 110 кВт*соат қувватликда ишлайдиган СНПЭ-500/10 русумли насос агрегати ӯрнатилган эди,  – дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Кенес  Сарибаев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 июндаги энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга оид тегишли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида «Каттагар-котлаван» насос станциясидаги эски насос агрегатининг ӯрнига замонавий кам қувватда ишлайдиган қувватлилиги соатига 22,5 кВт бӯлган 3 дона «Шимге» насос агрегатлари ӯрнатилди. Ушбу насос агрегатларининг ӯрнатилиши натижасида соатига 87,5 кВт электр энергияси иқтисод қилинади. Насос агрегатлари ӯртача йилига 2100 соат ишлайдиган бӯлса жами йилига 183 750 кВт электр энергия яъни, 183 млн 750 минг сӯм маблағ тежалишига эришилади.

  Бугун фермерларга биринчи галда эски насос агрегатларини янгилаш орқали кам электр энергия билан олдинги миқдорда сувни чиқаришни кўрсатаётган бўлсак, иккинчидан ушбу агрегатларга «яшил» иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш, яъни қуёш панелларини ўрнатиш орқали маблағ томондан ҳам бир қанча тежамкорликка эришиш усуллари намойиш этилмоқда. Биз, суғориш мавсумидаги қуёшли кунлар, агрегатга сарфланадиган электр энергияси барчасининг ҳисоб китобини қилиб кўриб, мақбул бўлган ускуналарни ўрнатдик. Мана бугун электр тармоқларининг туман бўлими билан шартнома имзоладик. Шунга кўра ишлаб чиқарилган электр энергияси умумий тармоққа узатилади ва насос агрегатига сарфланган энергия билан ҳисоб-китоби қилиб борилади.

    Бу борада республикамизнинг сув таъминати оғир бӯлган Тахтакӯпир, Қораўзак ва Чимбой туманларида ҳам амалга оширилиши, яъни Грант маблағлари асосида соатига 110 кВт электр энергиясини сарфлайдиган насос агрегатининг ӯрнига замонавий кам қувватда ишлайдиган 6 дона «Шимге» насос агрегатлари ӯрнатиш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида йилига ўртача 459 минг 900 кВт электр энергияси тежалишига эришилади.

    Тадбир иштирокчилари янгисига алмаштирилган насос агрегатлари ва ўрнатилган қуёш панеллари, уларнинг ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Кўплаб фермерлар ушбу технологияга қизиқиш билдириб, мутахассислардан тавсиялар олишди.

    Шунингдек, тадбир доирасида журналистлар учун дала шароитида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари жорий этилаётган янги технологиялар ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар беришди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби